Наманган шаҳрида карантин даврида ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 16090 нафарга оширилиб, маҳаллалар кесимида ҳар бир оиланинг ижтимоий яшаш тарзини ўрганиш асносида “темир дафтар”лар юритилиши йўлга қўйиляпти.

Аҳолининг 1,5 мингдан зиёд меҳнатга лаёқатли, бироқ банд бўлмаган қисмини “Юксалиш” саноат зонасидаги мавжуд 7,5 минг бўш иш ўрнига ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Аҳоли ўртасида камбағалликни қисқатириш юзасидан эса “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилини жорий этишга киришилган. Шаҳарнинг Шишаки маҳлла фуқаролар йиғини хонадонларида парҳезбоп ва харидоргир бўлган бедана гўшти ва тухумини етиштириш йўлга қўйилди.

Шунингдек, пандемия шароитида шаҳардаги 1400 дан ортиқ саноат корхоналари, 2000 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қайта тиклангани аҳоли бандлигини таъминлашга замин бўлиб хизмат қилмоқда.

—  Масалан, мавжуд 4274 та хизмат кўрсатиш корхоналарининг 3273 таси фаолияти бутунлай тўхтаган эди, — деди брифингда шаҳар ҳокими О. Исаев. — Март-апрель ойларида уларнинг 1340 тасининг фаолиятини қайта тиклашга муваффақ бўлдик. Тўхтаб қолган 257 та қурилиш пудрат корхоналарининг 217 таси, чакана савдо корхоналарининг 850 таси ҳам фаолият бошлади. Натижада жорий йил март-апрел ойларида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 888,7 млрд. сўмни, халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 475,5 млрд. сўмни, чакана савдо айланмаси ҳажми 1 трлн. 688 млрд. сўмни ташкил этди ва бу ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 94,5 фоизни ташкил этди.

Албатта, бу жараёнлар ортида аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолининг халқ истеъмоли маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришдек мақсад ётади. Пандемия даврида тадбиркорлар фаолиятига қатор имтиёзларнинг татбиқ этилиши ҳам иқтисодий инқирозга қарши курашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Аниқроқ айтганда, жорий йил 6 ойлик имтиёзли давр учун  шаҳардаги 2914 та ижтимоий солиқ тўловчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига берилган 50 фоизлик имтиёзга асосан жорий йилнинг 1 октябрига қадар 3.9 млрд сўм миқдорида имтиёз берилган бўлса, 814 та қатъий солиқ тўловчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига берилган 30 фоизлик имтиёзга асосан 1,1 млрд сўм имтиёз қўлланилган.

Бу каби чора-тадбирларнинг барчаси аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш, ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун. Иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам бўлган оилада ижтимоий-маънавий муҳит ҳам ижобий томонга ўзгаришини назарда тутсак, шаҳарликларнинг бошқа жабҳаларда ҳам янада ижобий натижаларга эришишлари шубҳасиз.

Санжарбек ҲАМИДОВ.