Ўқувчилар ўзлари танлаган икки фан ва математикадан имтиҳон топширди. Танлов фанлари орасида физика, кимё, биология ва информатика бор.
Наманган шаҳридаги Президент мактаби директори Абдурасул Пирназаровнинг сўзларига кўра, Cambridge Mock имтиҳонлари таълим муассасаси ўқувчиларини Cambridgeнинг расмий имтиҳонларига тайёрлаш учун ташкил қилинган.
— Cambridge имтиҳонлари бизнинг ўқувчилар учун янгилик бўлгани боис шундай тайёрлов имтиҳонларини ташкил этдик. Ўқувчиларимиз Cambridgeнинг расмий имтиҳонларида иштирок этганларидан кейин AS ва A level сертификатларини қўлга киритишлари мумкин. Бу сертификатлар ўқувчиларимизга кўплаб университетларга ўқишга кириш имкониятини яратиб беради, — деди у.
Таъкидлаш лозимки, Cambridge A/AS Level дастури доирасида одатда ўқувчилар учта фан бўйича чуқур билим олади ва якуний имтиҳон топширади. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқувчиларга A/AS Level сертификатлари тақдим этилади.
Cambridge A/AS Level дастурини дунёнинг кўплаб университетлари, жумладан, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия, Германия ва бошқа давлатлар олий таълим муассасалари тан олади.