«Ёшлар» КСЗ Кичик Қурама маҳалласида жойлашган бўлиб, 4 гектар майдонни эгаллаган. Бу ерда тез фурсатларда ишга тушадиган, қўшимча қиймат яратадиган 28 та лойиҳа амалга оширилади.
Лойиҳаларнинг умумий қиймати 53,7 миллиард сўмни ташкил этиб, шундан 36,1 миллиард сўми ёки қарийб 67 фоизи ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 1 000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек туманда «Қоракўл» кичик саноат зонасини ҳам ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур кичик саноат зонаси учун 10 гектар ер майдони ажратилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга асосан ушбу ҳудудда қиймати 78,3 миллиард сўмдан зиёд бўлган 32 та лойиҳани жойлаштириш ҳамда қўшимча 1 350 та иш ўрни яратиш белгиланган деб хабар беради Наманган вилояти хокимлиги матбуот хизмати.