Интернет нашрида Наманган вилоятидаги ноқонуний қурилаётган давлат буюртмалари юзасидан эълон қилинган ҳолат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, Наманган вилоят ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси буюртмачилигида 2021 йил 26 март куни tender.mc.uz платформаси орқали вилоят телерадиокомпанияси учун янги бино ва ёрдамчи хоналар қуриш бўйича тендер ўтказилган.

Харид комиссияси йиғилишининг 2021 йил 26 апрелдаги баённомаси билан ушбу тендерда “Уйчи Мега Строй” МЧЖ ғолиб деб топилган.

Пудратчи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ва шартномада кўрсатилган ишлар тўлиқ бажарилиб, Наманган шаҳар ҳокимининг 2021 йил 30 декабрдаги қарорига асосан объект фойдаланишга топширилган. 

Вилоят ҳокимлиги томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, жорий йилнинг август ойида вилоят телерадиокомпанияси ҳудудида қурилиш-таъмирлаш ишлари эмас, балки махсус техника жалб қилинган ҳолда ойна тозалаш ва ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилган. 

Шунингдек, мазкур объектда 2-навбат қурилиш таъмирлаш ишларини бошлаш учун 2022 йил 16 августда “Наманган вилоят телерадиокомпаниясининг мавжуд бино ва иншоотларини мукаммал таъмирлаш объекти бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш юзасидан давлат харидлари электрон тизими оператори орқали эълон берилган бўлиб, вилоят ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси харид комиссиясининг 2022 йил 24 август кунги баённомасига кўра “Зиёли лойиҳа” хусусий корхонаси ушбу танлав ғолиби деб топилган.

Бундан ташқари, ўрганиш мобайнида буюртмачи томонидан 2 қаватли радиоузел биносининг том қисмини мукаммал таъмирлаш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларида назарда тутилмаган ва шартномада кўрсатилмаган бўлсада “Уйчи Мега Строй” МЧЖга топширилганлиги ҳамда бу билан Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилганлиги аниқланиб, Наманган вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритилди. 

Хабарда келтирилган маълумотларни ўрганиш ҳамда юқорида келтирилган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.