Шу маънода, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев судьялар билан учрашувда маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда маънавият масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини жиддий таъкидлаган эди.
Наманган вилояти суди томонидан ўтказилган туркум маънавият ва маърифат тадбирларида мамлакатимиз Президентининг юқоридаги қимматли фикрлари ўз ифодасини топгани муҳим аҳамият касб этди.
Судьялар ва суд тизими ходимларининг маънавиятини, дунёқарашини юксалтириш мақсадида ташкил этилган тадбирларнинг навбатдагиси Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон тўра Ибрат мажмуасидан бошланди. Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, судья ва ходимлар жадид бобомиз Ибрат ҳайкали қаршисида тўпланиб, ўқувчиларнинг бадиий чиқишини томоша қилишди. Исҳоқхон Ибрат номидаги ихтисослаштирилган ижод мактабида бўлиб, яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.
Сўнгра иштирокчилар гуруҳларга ажраган ҳолда бир вақтда уч йўналишдаги тадбирларда қатнашишди. Жумладан, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, судьялар ва ёшлар вакилларини бир даврага жамлаган “Уч авлод учрашуви”да суд фахрийлари босиб ўтган умр йўллари, бой тажрибалари тўғрисида сўзлаб беришди. Машаққатли ва шарафли меҳнатлари мобайнида эсда қоларли ва ибратли воқеаларни ёдга олишди. Ҳозирда суд идораларида фаолият юритаётган ёш кадрлар ва эртанги истиқболини айни соҳада кўришни истаётган талабаларнинг саволлари, таклиф-мулоҳазалари билан жараён янада қизғин кечди.
Иккинчи йўналиш бўйича, яъни Ибрат домла ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавият дарсида ибратшунос олим Тоҳиржон Қозоқов, маърифатпарвар ватандошимиз авлодларидан Икромжон Содиқов алломанинг ёзган асарлари, тилшунослик, матбаачиликда эришган ютуқлари хусусидаги хотиралари билан ўртоқлашишди. Мазкур таълим муассасасида билим олаётган ҳар бир йигит-қиз 7 та тилни мукаммал биладиган буюк аждодимизга муносиб бўлиши кераклигини айтишди. Суҳбатга самимий руҳдаги мулоқотлар ўзгача мазмун киритди.
Учинчи йўналиш Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги чет тиллари институтида давом этди. Наманган вилояти судининг судьялари олий ўқув юрти талабаларига янги таҳрирдаги Конституциямиз моҳияти, ундаги ўзгартишлар юзасидан “Конституция дарси”ни ўтишди. “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асосидир”, деган ғоя илгари сурилган махсус ҳуқуқий сабоқларда Бош Қомусимизга киритилган суд-ҳуқуқ йўналишидаги янгиликларга доир батафсил маълумотлар қисқача шарҳлари билан улашилди. Барча талабага Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги нашри тарқатилиб, уларга асосий Қонунимизда белгиланган ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилди.
Кейин Ибрат музейига ташриф буюришди. Яқин тарихимизни ўзида мужассамлаштирган масканда судья ва суд ходимлари ўтмишдан сўзловчи экспонатларни қизиқиш билан кўздан кечиришди. Айниқса, музейда буюк аждодимизнинг қўлёзмалари, рисолалари, фойдаланган буюмлари, суратлари, кийган либослари йиғилганларда катта таассурот уйғотди.
Наманган туризм ўчоқлари, тарихий ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектларига бой замин сифатида ном қозонган. Ахсикент обидаси қадим тамаддунлар туташган ҳали мукаммал ўрганилмаган сир-синоатларга тўла ва қайтадан кашф этилаётган файзли манзилдир. Суд хизматчилари “очиқ осмон остидаги музей”ни айланишар экан, Ахсикент шаҳристони қолдиқлари, у ердан чиққан турфа осори-атиқалар, аждодларимиз бунёд этган меъморчилик намуналарининг гувоҳи бўлишди.
- Жамиятда олий маънавий фазилатларни камол топтиришга улкан маданий мерос, миллий ва тарихий анъаналар, умуминсоний қадриятларга чуқур ҳурмат билан эришилади, - дейди Наманган вилояти суди раиси Алишер Усмонов. - Бугунги маънавият ва маърифат тадбирларимиз Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маърифатли жамият концепциясининг ёрқин мисолидир. Албатта, бу биринчи эмас. Шундай лойиҳалар аввалдан уюштириб келинган ва энди мунтазам равишда йўлга қўйилади.
Бир-бирига уйғун тадбирлар якунида таълим муассасалари кутубхонасига ва фахрий меҳмонларга вилоят судининг китоблар жамланмаси совға қилинди.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мазкур тафсилот “Янги Ўзбекистон” газетасининг 29 ноябрь, 248-сонида “АДОЛАТ ВА МАЪНАВИЯТ – ЭГИЗ ТУШУНЧА” сарлавҳаси остида чоп этилди.