Ҳазрат Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Наманган вилоят судида ҳам «Буюк аждодларга эҳтиром» мазусида Алишер Навоийнинг 580 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан маърифий кеча ўтказилди. Унда вилоят суди судьялари ва ходимлари қатнашди.
Мазкур тадбирни вилоят суди раиси Абдурасул Эранов очиб берди ва Юртбошимиз томонидан имзоланган «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Қарори мазмун-моҳиятига тўхталди.
Шундан сўнг Наманган давлат университетининг филология факультети, адабиётшунослик кафедраси мудири, доцент Мўминжон Сулаймонов сўз олиб, мамлакатимизда мустақиллик йилларида бу икки мутафаккирнинг хотираси абадийлаштирилгани унинг жаҳон адабиёти хазинасига қўшган буюк ҳиссаси ҳамда чексиз истеъдодига бўлган юксак ҳурмат ифодаси эканини таъкидлади.
Улуғ шоир Алишер Навоий дунё адабиёти тарихида тенги топилмас бир тарихий сиймо ҳисобланади. Истеъдодининг улуғворлигию теранлиги жиҳатидан ҳам, халқпарвар давлат арбоби сифатида жамиятда тутган юксак мавқеи юзасидан ҳам, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт аҳлига кўрсатган ҳомийлиги жиҳатидан ҳам ўхшаши йўқ сиймо. Оратор Ўзбекистон истиқлолга эришиш арафасидаёқ мамлакатимизда 1991 йил – «Алишер Навоий йили» деб эълон қилиниши замирида оламча маъно мужассам бўлганини изоҳлади.
— Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоийни дунё эътироф этади, – дейди жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди судьяси Н.Шарипова. – У улуғ зот мангу барҳаётдир. Мен Навоий ижодига қизиқаман, рубойи ва ғазалларини, асарларини мутолаа қилиб бораман. Алишер Навоийнинг таваллуд айёми халқимиз, бутун жаҳон учун адабиёт байрами десак арзийди, чунки у ўзининг ижоди, инсоний ғоялари билан оламда эзгуликни, инсонпарварликни, яхшиликни тараннум этган.
Маърузачи шоҳ ва шоир, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур умр йўли ва ижодига тўхталди. Бобур ҳақида гап кетганда, беихтиёр қалбимизда юртга муҳаббат, садоқат туйғулари жонланади. Соҳибқирон Амир Темур авлодлари ичида Фарғона водийси аҳлининг жуда кўп фазилатларини ўзида мужассам этган шахс, буюк аждодларимиздан бири Заҳиридин Бобур шахси ва асарлари қарийб 5 асрдан буён катта қизиқиш билан ўрганиб келинаётгани бу унинг ёзганлари жамият ҳаётида нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини билдиришини айтди.
Маърифий кечада Навоий ва Бобур ғазал ва рубойиларидан намуналар ифодали ўқилди. Наманган вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Икромжон Орифжоновнинг бизга маълум қилишича, бундай нафис мажлислар вилоятимизнинг барча туман (шаҳар), туманлараро судлари томонидан ҳам уюштирилмоқда.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.