Вилоятларда ҳам бунинг учун муносиб шарт-шароитлар яратилаётгани мураббийлар меҳнатини юзага чиқариб, ғолиблар сонининг ортишига хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 13-18 март кунлари Урганч шаҳрида ўтказилган сув спортининг  сузиш тури бўйича  «Ўзбекистон чемпионати» фикримиз далили бўла олади.

Мусобақада 11-15 ёш тоифасидаги ёш сузувчилар қисқа масофада сузиш бўйича беллашдилар.

Таъкидлаш жоизки, чемпионатда Наманган вилояти терма жамоаси таркибида 20 нафар турли ёшдаги ўғил-қизларимиз фаол иштирок этди. 12 вилоят сув спортига ихтисослаштрилган спорт мактаби спортчилари ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига қарашли "Океан сув спорти саройи" ихтисослаштирилган спорт муассасасининг 8 нафар спортчилари ўртасидаги медаллар учун кураш ниҳоятда муросасиз кечди.

Якуний натижаларга кўра, мазкур чемпионатда вилоятимиз терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 3-ўринни қўлга киритди.

Бу ғалаба ёш сузувчиларимизнинг тинимсиз меҳнати ва матонати самарасидир. Жамоа ўзида умидли спортчиларни жамлагани ҳам ғалаба учун асос бўлди.

Жумладан, жамоа аъзоси Муҳаммадамин Раҳматуллаев мусобақада шахсий иштироки бўйича 3 та олтин, 1 та кумуш медални қўлга киритган бўлса, жамоавий ҳисобда 2 та олтин, 1 та кумуш  медалга сазовор бўлди. Натижада у ўз ёш тоифасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди. Муҳаммадамин вилоятимиздаги «Океан сув спорти саройи» аъзоси ҳисобланади.

Спортчиларимиздан яна бири, «Океан сув спорти саройи аъзоси - Самира Саидова эса шахсий иштирокида 4 та олтин, 1 та кумуш, жамоавий ҳисобда 1 та олтин медални қўлга киритиб,  ўз ёш тоифасида «Энг яхши сузувчи» номинацияси бўйича тақдирланди.

Умидли спортчиларимиз қаторида Бунёд Бахтиёровни ҳам айтиб ўтишимиз ўринли. Бунёд шахсий иштирокида 4 та олтин, жамоавий баҳсларда 2 та олтин, 1 та кумуш медални қўлга киритиб, ўз ёш тоифасида биринчи катталар спорт разрядини бажарди.

Вилоятимиз терма жамоаси «Ўзбекистон чемпионати»да умумжамоа ҳисобида 21 та медалга сазовор бўлди. Медалларнинг 14 таси олтин, 5 таси кумуш, 2 таси бронза медалларидир.

Наманганлик спортчиларни бу юксак ғалаба билан табриклаймиз ва бу муваффақият юртдошларимизга Наврўз байрами арафасида ажойиб туҳфа бўлганини эътироф этмоқчимиз. Спортчиларимиз келгусида ҳам сув спорти бўйича вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларига ишонамиз!

Санжарбек Ҳамидов