Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди ва меҳмонхонада яратилган шарт-шароитлар, қулайликлар билан яқиндан танишди.
«Ахсикент» меҳмонхонаси Европа ва шарқона услублар уйғунлигини ўзида мужассам этгани билан алоҳида ажралиб турадиган хизмат кўрсатиш объектидир. Шу билан бирга 163 ўринли меҳмонхонада технологиянинг энг сўнгги янгиликлари жорий этилган. 5 та люкс ҳамда 70 та стандарт хоналар мавжуд. Меҳмонхона йилига минглаб меҳмонларга 8 миллиард сўмлик ҳажмда хизмат кўрсатиш қувватига эга. Бу ерда 40 та янги иш ўринлари яратилди.
«Akhsikent hotel» масъулияти чекланган жамиятининг 4 миллион АҚШ доллари қийматидаги бу лойиҳаси жамиятнинг ўз маблағлари ҳамда банк кредити ҳисобига бунёд этилиб, у Наманган вилоятининг 2019-2020 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастуридан ўрин олган эди.
— Меҳмонхонамиз нафақат вилоятимиз, балки водийда ягона ўзига хос услубга эга бўла олди, деса муболаға бўлмайди, — дейди меҳмонхона директори Бобурбек Боқижанов. – Меҳмонхонада нонушта ўзига хос швед столида ўтади. Фитнес зали, чексиз интернет ва миллий ўймакорлик, ганчкорлик, наққошлик ва миниатюра картиналари ҳар бир ташриф буюрувчида ўзгача таассурот қолдириши шубҳасиз. Меҳмонхона ресторанида миллий ва Европа таомлари тайёрланади.
Дарвоқе, бу каби хизмат кўрсатиш объектлари нафақат Наманганнинг туризм салоҳияти ривожланишига, балки иқтисодиёт равнақига ҳам муносиб ҳисса қўшишига ишончимиз комил.
Санжарбек ҲАМИДОВ.