Жумладан, Чортоқ туманида ҳам аграр соҳада ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ана шундай хайрли ишлар самарасида эндиликда вилоят ўрмон хўжалигининг “Мучум Кесканёр” муқобил машина трактор парки ҳудудидаги “Толлик” массивидаги ер майдонларига 500 нафар ташаббускор ёшлар эгалик қилади. Ҳозиргача 187 нафар чортоқлик ёшларга ушбу ҳудуддан 30 сотихдан ер майдони ажратиб берилди. 

Бугун вилоят ва туман ҳокимликлари, вилоят фавқулодда вазиятлар, халқ таълими бошқармалари, Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида “Кесканёр, “Ласкидон”, “Дамариқ”, “Юксалиш”,  ҳамда "Навоий" номли МФЙ ҳудудидаги 4-, 5-, 6-, 32- умумий ўрта таълим мактабларининг 60 нафар битирувчиларига  30 сотихдан ер ажратилиб, туман ҳокимининг сертификатлари топширилди. 

Туман ҳокими Анваржон Отаходжаев ёшларга ердан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар бериш баробарида уларни тадбиркорлик, ташаббускорликка чорлаб, келгуси ишларига муваффақият тилади.

Жорий йилда тумандаги умумтаълим мактабларини жами 2619 нафар битирувчи тамомлади. Уларнинг 2097 нафари олий ўқув юртларига кириш истагини билдирган бўлса, 13 нафари муддатидан аввал хорижий олий ўқув юртлари талабаси бўлишга муваффақ бўлиб, 135 нафари техникум ва касб-ҳунар коллежларида таҳсилни давом эттириш, 297 нафари ҳунар ўрганиш, 3 нафари ҳарбий хизматга бориш, 106  нафари тадбиркорлик билан шуғулланишга аҳд қилган.

Ушбу ерлар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ёшларга 49 йилга шартнома асосида бепул берилади. Вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси томонидан бодом, ёнғоқ, олхўри ва шунга ўхшаш кўчатлар экиб берилади.  Кўчатлар ривожлангунча ва кейинчалик ҳам қатор ораларида деҳқончилик қилиб, қўшимча даромад топиш имконияти бор. 

Туман ҳокимлиги, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси кўмаги билан қўшимча сув тармоқлари тортиб берилаётгани бу ердаги ишлар кўламини кенгайтирмоқда. Фақат яратиб берилаётган имкониятларга монанд меҳнат қилиш лозим холос.