Дастлаб хитойлик инвесторлар томонидан Наманган шаҳрининг Кўзагарлик даҳасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари муҳокама қилинди. Шундан сўнг хорижий ҳамкорлар қизиқиш билдираётган вилоятда гилос плантациялари ташкил этиш масаласига ўтилди.
Хитой гилос меваларини сотиб оладиган дунёдаги энг йирик импортёр давлат ҳисобланади. Мазкур давлат ҳар йили чет элдан 300 минг тонна гилос харид қилади, импортнинг умумий миқдори эса 1,3 миллиард доллардан ошади.
Хитойга гилос асосан Чили, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландиядан етказиб берилади. 2018 йилда уларнинг сафига Ўзбекистон ҳам қўшилди.
Хитойлик инвесторлар Наманганда ушбу йўналиш билан шуғулланадиган компанияни рўйхатдан ўтказиш арафасида. Чуст туманида эса гилос плантациялари учун мўлжалланган ер майдонларини ажратиш кўзда тутилмоқда.
— Биз ҳамкорликнинг янги йўналиши бўйича сизлар билан ишлашга тайёрмиз. Чунки ўтган вақт давомида “Namangan Qianxing Invesment” ўзининг ишончли шерик эканлигини кўрсатишга муваффақ бўлди, — деди вилоят ҳокими.
Хитойлик инвесторлар Наманганда гилос етиштиришга катта миқдорда инвестиция киритиш ва бу орқали вилоятда гилос етиштириш ва экспортга юбориш ҳажмини бир неча баравар ошириш истагини билдирди.
Видеомулоқот якунида бу борадаги музокараларни давом эттириш ва жорий йил декабрь ойида ўзаро шартнома имзолаш юзасидан келишувга эришилди.