Мазкур оқова сув тозалаш иншоотининг лойиҳаси 1960 йилда ишлаб чиқилган ва объект 1965 йилда ишга туширилган. Айни вақтдаги объектнинг иш самарадорлиги жуда паст, яъни қарийб 10 фоиз атрофида. Уни ривожлантириш бугунги кундаги долзарб вазифа эканидан келиб чиққан ҳолда ҳозирда унга давлат хусусий шериклик асосида инвесторларни жалб қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Мутасаддиларни эътиборини тортган яна бир жиҳат бу бўёқли сувларнинг канализацияга оқизилгани бўлди. Ҳудудий инспекция вакилларига мазкур ҳолатни жиддий ўрганиш ва қоидабузарларни тегишли тартибда жавобгарликка тортиш, керак бўлса, жарима қўллаш орқали келгусида бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш зарурлиги бўйича топшириқлар берилди. Бу оқизилган сувлар тўғридан-тўғри Сирдарё ўзанига бориб қуйилишини ҳисобга олсак, мана шундай ишлаб чиқаришда фойдаланилган сувларни ҳудуддаги барча объектларни қамраб олган ҳолда жиддий назоратга олиш муҳимлиги яна бир карра ойдинлашади.

 

 

Маълумот ўрнида: Наманган шаҳар “Оқова сув тозалаш иншооти” Наманган шаҳри билан биргаликда Косонсой, Тўрақўрғон ва Наманган туманларидан оқова сувларни қабул қилиб тозалайди. Айни кунларда олиб борилаётган “Уйчи-Наманган” коллекторининг 5,2 км қисмини қуриш ишлари якунланиши натижасида Уйчи, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари истеъмолчилари ҳам ушбу иншоотга уланади. Ҳозирги кунда иншоотда бир кеча кундузда 60-65 минг м3/сутка оқова сувлар тозаланмоқда.

Шунингдек, унда механик ва биологик тозалаш ишлари амалга оширилади. Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, Наманган шаҳар канализация тизимларини давлат хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш мақсадида Осиё Тараққиёт Банки билан ҳамкорликда хорижий мутахассислар жалб қилинган бўлиб, экспертлар томонидан Наманган шаҳар оқова сувлар тозалаш иншооти ўрнида 75 минг м3/сутка бўлган янги оқова тозалаш иншоотини ва 7,5 км ташлама коллекторини қуриш мажбуриятини Хусусий Шерикка юклаган ҳолда давлат-хусусий шериклик бошқарувига бериш лойиҳасининг Концепцияси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Молия вазирлиги қошидаги Хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига киритилган. 

Лойиҳа қиймати 50,4 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Наманган шаҳри канализация тизимини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга беришда хусусий инвесторларни танлаш бўйича идоралараро тендер комиссияси томонидан хорижий шерикларни аниқлаш юзасидан тендер эълон қилинган, ҳозирда квалификация танловидан ўтган компанияларнинг техник ва молиявий ҳолатларини баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.