DRTS (Drip Research Technology Solutions) томчилатиб суғориш ва агротехнологиялар бўйича дунёдаги етакчи компания бўлиб, 35 йиллик тажрибага эга. АҚШ, Туркия ва Ҳиндистонда филиаллари бор.

Ҳозирда компания томонидан Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 40 гектар майдонда лаванда плантацияси барпо этиляпти. Сулаймон Хартавиўғли худди шундай плантацияни Наманган вилоятида ҳам жойлаштиришни таклиф этди.

—Лаванда кони фойда ўсимлик. Тиббиёт ва парфюмерияда кенг қўлланилади, суви, гули ва мойидан фойдаланиш, экспортга йўналтириш мумкин. Килограмми жаҳон бозорида 8-9 минг доллар баҳоланади, бир гектардан эса 70-80 килограмм мой олиш мумкин. Энг асосийси, лаванда кўп сув ва парвариш талаб қилмайди, Ўзбекистон шароити учун жуда қулай деди, — деди Сулаймон Хартавиўғли.

Мазкур ташаббус вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди. Бунинг учун «Косонсой-фарм» ЭИЗ ҳудуди билан танишишни таклиф қилиб, бу ерда плантациялар ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун барча шароитлар яратилганини таъкидланди.

— Бу йўналиш агротуризм учун ҳам истиқболли ҳисобланади. Қолаверса, бундай плантациялар ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратилади, экспорт имконияти туғилади, — деди вилоят раҳбари.

DRTS компанияси минтақавий вакили шу куннинг ўзида «Косонсой-фарм» ЭИЗда бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Компания томонидан туманда томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш бўйича ҳам яқиндан кўмак берилишини билдирди, деб хабар беради Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.