28 октябрь куни вилоят раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашуви чоғида «Gavhar Jewel Group» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари Азизбек Абдурасулов ва Тимур Ефасовлар Наманган шаҳрида тилла ишлаб чикариш заводи ва Заргарлик маркази қуриш учун ер сўраб мурожаат қилганди.
Орадан уч кун ўтди. Тадбиркорларнинг қиймати 6,5 млн долларлик лойиҳаларини амалга ошириш учун Асадулла Хўжаев кўчаси (эски Химзавод)дан ер ажратиб берилди.
Завод ишга тушгач бир йилда 1,5 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. Ускуналар Италия, Германия ва Туркия давлатларидан келтирилади.
Ушбу Заргарлик маркази Наманган туризм жозибадорлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эгадир.
— Туристлар учун алоҳида сувенир типидаги заргарлик маҳсулотларини таклиф этамиз. Сайёҳлар билан ишлашда катта режаларимиз бор, — дейди Тимур Ефасов.
Йирик Showroom дўкон, заргарлар академияси ҳам ташкил этилади.
Бу лойиҳа ўхшаши йўқлиги билан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.