Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлим давлат ижрочиси Ҳумоюнмирзо Абдуллаев ёш бўлса-да, ана шундай ҳурматга сазоворлардан.

У эндигина 25 ёшни қарши олган. Намунали оилада тўртинчи фарзанд. Зиёли хонадонда туғилиб, вояга етган Ҳумоюнмирзо мактаб давридаёқ ташаббускорлиги, янгиликка интилувчанлиги, ижодкорлиги билан тенгдошлари орасида ажраб турди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, талабаликка эришди. Интернет журналистикаси бўйича кўплаб диплом ва сертификатлар соҳиби. Ёшлигидан ҳуқуқшунос бўлиш учун қатъий ният қилганди, аниқ мақсаду ҳаракатлари билан орзуси ушалди. Ўқиш ва изланишдан чарчамайдиган бу йигит ҳозирда Бюронинг Наманган шаҳар бўлим давлат ижрочиси лавозимида ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб келмоқда. Жамоада умидли, истиқболли ва касбига содиқ кадр ҳисобланган Ҳумоюнмирзо иш фаолияти давомида асосан алимент, банклар ва солиқ ундирувлар билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини амалга оширади. Асосий мезон сифатида сифат ва самарадорликка эътибор беради.

Шу ўринда якунига етган 2021 йил давомида бевосита Ҳумоюнмирзо томонидан олиб борилган ижро ҳужжатларини таҳлил этсак. Банклар фойдасига ундирув билан боғлиқ 11 та 1,2 млрд. сўмлик ижро ҳужжатлари амалда тамомланган. 7 та мол-мулк электрон савдолар орқали сотилиб, ундирувчиларга етказилган. Ёки жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ бўйича 1,4 млрд. сўмлик қарздорлиги ундирилган. Давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 224 та ҳужжат ижроси таъминланиб, 146.889.275 сўм маблағ махсус дафтарларга киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Яна бир муҳим жиҳат, алимент ундирувлари билан боғлиқ жараёнларда 10 дан ортиқ оилани яраштиришдек савобли ишни уддалаган.

Ҳар куни эрталаб ишга кетаётганда ота-онасидан дуо олишни канда қилмайдиган қаҳрамонимиз жамоат ишларида ҳам анча фаол. Айниқса, республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида ўзи яшаётган Давлатобод туманидаги “Юксалиш” массивидаги кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштиришга ҳиссасини қўшмоқда, гулхоналарга турли манзарали дарахтларни экишда жонбозлик кўрсатмоқда. Ҳумоюнмирзо бўш вақт топди дегунча бошқармада ташкил этилган кутубхонада китоблару газеталарни мутолаа қилади. Албатта, касбини севган, ғайрат-шижоатли ходимнинг самарали меҳнати тез-тез эътироф этилаётганидан, давомли ютуқларидан ота-оналари хурсанд.

- Бюро органларида фаолият юритаётган давлат ижрочилари суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлашда бор куч, билим ва салоҳиятини ишга солаётгани биргина Ҳумоюнмирзо мисолида ҳам яққол намоён, - дейди МИБ Наманган вилоят бошқармаси катта инспектори Соҳибжон Рапиқов.

 

Орифжон ЖЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.