Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Норин тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро С.А. ноқонуний фаолият юритиб келаётгани фош этилган.

Аниқланишича, у тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан “Бўстон” МФЙ ҳудудида жойлашган дорихонада сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиш билан шуғулланган.

Тадбир давомида ундан умумий қиймати 140,9 миллион сўмлик бўлган 1 197 турдаги 29 289 дона дори воситалари ва тиббий буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.