Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар уюштирилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ечим топишига сабаб бўлмоқда.
Олий суд раиси ўринбосари Ҳалилилло Тўрахўжаев иштирокида куни кеча Чуст ва Чортоқ марказидаги қабулларда фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларга тегишли 81 та мурожаати билан батафсил танишилди. Уларнинг 45 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 22 таси юзасидан аризалар Олий суд тарафидан кассация тартибида ҳал этиш учун қабул қилинди. 14 та муаммога эса ўрнида ижобий жавоб билдирилди.
Шунингдек, сайёр қабуллар давомидаги сайёр суд мажлисларида содир этган жиноий қилмиши учун ҳукмга мувофиқ жазо ўтаётган 8 нафар фуқаро қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини муносабати билан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар иш ҳақи, алимент ундиришга доир мурожаатларни ўрганиб, суд буйруқларини чиқарди ва ижрога қаратди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбатлашилиб, 10 таси яраштирилди.
Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судида Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлиси бўлди. Унда фирибгарлик жиноятида айбланиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган 3 нафар фуқаронинг иши апелляция шикоятига асосан кўрилди.
Судлов ҳайъати мазкур ишларнинг барча ҳолатини тўлиқ таҳлилий текшириб, фирибгарлик оқибатида жабрланганларга етказилган моддий зарар қопланганлиги боис, шу судланувчилар суд мажлиси залидан қамоқдан озод этилди. Уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланди.
Баҳодир МЎМИНОВ,
Наманган вилоят суди ахборот хизмати раҳбари