Жорий йил ҳосилидан бошлаб, мамлакатимизда етиштирилган пахта тўлиқ тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари таркибидаги пахта тозалаш корхоналарида қайта ишланади. Пахтанинг сифати ва миқдорини аниқлаш натижалари тайёрлов маскани лабораториялари ходимларининг синовларни ўтказиш малакаси, стандарт талабларини билишлари, синовларда қўлланиладиган воситалари ва жиҳозларнинг талабларга жавоб беришига боғлиқ.

Пахтани топшириш ва қабул қилиш иштирокчилари томонидан пахтани қабул қилиш, синовларни ўтказиш тартибини ўрганиш, низоли ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олади, пахтани тоза ва қуруқ териш орқали устамалар беришни рағбатлантиради. Наманган туманидаги “Toshbuloq teks” МЧЖга қарашли Тошбулоқ пахта тозалаш корхонасида Инспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур уюштирилди.

— Бу йил Наманганда 7 та пахтачилик кластерига қарашли 8 та пахта тозалаш корхонаси ва 21 та пахта қабул қилиш маскани мавсумга тайёрланди, — дейди Агроинспекция вилоят бошқармасининг пахта хомашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Абдунаби Қаюмов. — Семинарда мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, пахтани қайта ишлаш корхоналари ҳамда қабул қилиш масканларида кластер ва фермер хўжаликлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоли ҳолатларда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан журналистларнинг саволларига батафсил жавоб бердик.

Тадбирда қабул масканларига келтирилган ҳосилнинг намлиги, ифлослилик даражасини аниқлаш, лаборатория текширувларини ўтказиш, меъёрий ҳужжатлар асосида ишни ташкиллаштириш каби жараёнларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Илҳомжон МУСАЕВ,

Ўзагроинспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси

жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича бош инспектори