Маълум қилинишича, Янгиқўрғон туманида яшовчи 1992 ва 1995 йилларда туғилган фуқаролар ҳамда Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи 1980 йилда туғилган шахс қалбаки 100 долларлик купюралардан иборат жами 100 минг АҚШ долларини ҳақиқий 40 минг АҚШ долларига сотишни режалаштирган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчилар қалбаки 80 минг АҚШ долларини ҳақиқий 40 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговга қадар текширув давомида мазкур сохта валюта хорижда тайёрланиб, айланма йўллар орқали мамлакатга олиб кирилгани аниқланган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, қалбаки валюта тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва муомалага киритиш давлатнинг иқтисодий хавфсизлигига жиддий таҳдид солувчи жиноятлардан бири бўлиб, бундай қилмишлар учун қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгиланган.