Битирувчилар бандлигини таъминлаш, улар учун муносиб иш ўринларини яратиш борасида ҳам институтда амалий ишлар йўлга қўйилган. Куни кеча ташкил этилган «Таълим ва мутахассислик» халқаро меҳнат ярмаркаси шу жараёнлар учун хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Меҳнат ярмаркаси очилишида Наманган шаҳрининг Давлотобод тумани ҳокими Aнваржон Тожимирзаев иштирок этиб, ўз нутқида биргина Давлатобод туманида ҳозирда 15 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари яратилганлигига тўхталди.
Таъкидлаш керакки, мазкур туманнинг асосий драйвери енгил саноат соҳаси саналади. Наманган муҳандислик-технология институтида ҳам асосий таълим йўналишлари айнан енгил саноат тармоғи учун мутахассисларни тайёрлашга мослаштирилган.
Институт ректори, профессор Одилжон Маматкаримов ҳам сўз олиб, битирувчи йигит-қизларга оқ йўл тилади.
Тадбирда вилоятимиздаги 56 та корхона ва ташкилотлар 10 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари билан қатнашдилар. Шу куннинг ўзида 356 нафар институт битурувчилари ўз мутахассисликлари бўйича корхоналар билан меҳнат шартномаларини имзолашди.
Бундан ташқари, Давлатобод туманидаги умумтаълим мактаблари, НамМТИ академик лицейи битирувчилари ҳам мазкур ярмарка билан яқиндан танишишди. Улар учун институтдаги мавжуд мутахассислик кафедраларининг кўргазмалари уюштирилди.
Маъмуржон ЭРГАШЕВ,
Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати раҳбари.