Наманган вилояти прокуратураси ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги мавжуд 3 та олий таълим муассасаси талабалари ўртасида “Тараққиёт стратегияси билимдони” танлови ўтказилди.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармони ижросини ҳамда талаба ёшларнинг мамлакатимизда кечаётган қизғин ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, хусусан, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш, уларда ватанпарварлик, юртга садоқат руҳини, мамлакат ривожига, жамият равнақи учун дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, лидерлик ва нотиқлик кўникмаларини юксалтириш мақсадида ташкил этилди.
Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг 100 га яқин талабалари иккита шарт бўйича ўз билимларини синашди. 1-шартда “Тараққиёт стратегияси”дан тузилган 20 саволдан иборат ёзма тестни бажардилар. 2-шартда эса ҳар бир қатнашчи “Тараққиёт стратегияси”да белгиланган йўналишлар асосидаги 100 та саволдан ўзлари танлаган биттасига оғзаки жавоб қайтаришди. Вилоят прокуратураси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят адлия бошқармаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими вакилларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати жавобларнинг мазмунан тўғрилиги, тўлиқлиги, фикрни эркин баён қилинганини инобатга олиб, адолатли тарзда баҳолаб боришди.
Танлов якунига кўра, энг кўп балл тўплаган иштирокчи – НамДУ талабаси Рамзиддин Турсунов ғолиб деб эълон қилинди. 2- ва 3-ўрин НамМҚИ талабаси Бунёдбек Нўъмонжонов, НамДУ талабаси Зулҳаё Сулаймоновага насиб этди. Барча ғолиб ва совриндорлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Шунингдек, юқори ўнталикдан жой эгаллаган йигит-қизлар ҳамкор ташкилотлар томонидан йил давомида жойларда уюштириладиган “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси – ёшлар нигоҳида” мавзусидаги тадбирларга тарғиботчи сифатида гуруҳ аъзолигига қабул қилинадилар.
— Бундай танловлар, ақл баҳслари биз каби талабаларнинг интеллектуал салоҳияти, нотиқлик маҳорати, ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги илғор фуқаролик позициясини ривожлантиради. Танловга тайёргарлик давомида кўп маълумотларга эга бўлдим, – дейди 1-ўрин соҳиби, НамДУ талабаси Рамзиддин Турсунов.
Таъкидлаш жоиз, танловнинг амалий ифодаси сифатида юксак натижа қайд этган талабалардан иборат тарғибот гуруҳи шакллантирилади. Ёш тарғиботчилар орқали вилоятнинг чекка ҳудудларидаги ёшларга ҳам “тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг туб мазмун-моҳияти етказилади.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.