Наманган шаҳар ҳокимлиги олдидаги «Тинчлик» стелласи майдонида тантанали очилиш маросимидан сўнг ҳудудга туташ Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида гуллар байрамига старт берилди.

Дастлаб гуллар билан безатилган 200 га яқин автомашиналар паради уюштирилди.

Боғ бетакрор гул композициялари билан тўлган. 9 кун давомида турли шоулар, концертлар, энг муҳими, ажойиб гуллар коллекциялари баҳорий баланд кайфият ва кўтаринки руҳ улашади. Оммавий байрамга 500 минг нафардан ортиқ меҳмон келиши кутиляпти.

Фестиваль 2018 йилда халқаро мақом олган бўлиб, ҳар йили унга вилоятда катта тараддуд кўрилади. Бу галгисига ҳам тайёргарлик доирасида минглаб гулчилар, юзлаб меъмор ва ландшафт-дизайнерлари бадиий композициялар яратиш устида астойдил меҳнат қилишди. Юздан ортиқ гулчилар томонидан 10 миллионга яқин гуллар экилди. Шу йилдан эътиборан маҳаллий (ҳар бир туман бўйича) ҳамда хорижий гулчилар учун алоҳида павильонлар ташкил этилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддиновнинг таъкидлашича, хорижда ҳам мазкур фестивалга қизиқиш тобора ортяпти. Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Покистон, Хитой, Эрон, Туркия каби дунёнинг 20 дан зиёд чет мамлакатидан мингга яқин сайёҳлар, дипломатик корпус вакиллари, инвесторлар ва туристлар қатнашиши кутиляпти. Уларнинг аксарияти Наманган шаҳрига етиб келди. Қирғизистонлик бир туроператорнинг ўзи 200 нафар меҳмон билан келиш истагини билдирган. Фестиваль давомида «Гулчилик ва гулчилик санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги илмий-амалий конференция, хориж ва маҳаллий гулчилар иштирокида маҳорат дарслари, сайллар, санъат усталари томонидан замонавий ва қизиқарли тарзда саҳналаштирилган дастурлар намойиши белгиланган.

— Байрам кунлари ўнга яқин чет эл телерадиокомпаниялари ва ахборот агентликларидан 30 га яқин хорижий ОАВ вакиллари шукуҳли жараёнларни тўғридан-тўғри эфирга узатишни режалаштирган. Бу эса фестивалнинг дунё бўйича нуфузини, ҳайратини оширмоқда, — дейди Наманган шаҳри ҳокими Ғофиржон Жамолов. — Гул байрамининг асосий тадбирлари кечадиган 16 гектарлик Бобур боғи Wi-Fi ҳудудга ҳам айлантирилди. Ўйлаймизки, гул шайдолари ва шаҳарга келган меҳмонлар учун яратилган мазкур қулайликдан барча мамнун. Айни пайтда боғ ҳудудида юқори тезликда интернетдан бемалол ва осон фойдалана олишади. Наманган шаҳрида бундай йирик ҳудудлар сони 57 тага етди...

Нафосат ва гўзаллик айёми 31 май оқшомида Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» тематик боғида ёпилиш маросими, ғолиб ва совриндор гулчилар ҳамда корхона-ташкилотларни қимматбаҳо совғалар, жумладан, «Нексия 3» автомобиллари билан тақдирлаш маросими билан якунланади. Бир сўз билан айтганда афсонавий халқаро «Гуллар фестивали» бутун Ўзбекистонни, жумладан, Наманганни дунёга танитиш баробарида сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризмни ривожлантириш, мавжуд ҳамкорлик доираларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Орифжон ЖЎРАЕВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири.