«Наманган вилояти Чортоқ тумани Боғистон қишлоғидаги 39-мактабга шахсан Халқ таълими вазири билан бирга бориб, ҳолатни ўрганганмиз. Ҳақиқатан икки хонадан иборат мактаб.
Биз ҳисоб-китоб қилиб, мактаб филиалини ўрнига замонавий-намунавий лойиҳада ишлаб чиқилган 330 ўринли мактаб ва унга қўшимча 12х24 ўлчамли спорт зали қуришни режалаштирганмиз.
Президент қарори билан бу мактаб Инвестиция дастурига киритилди. Ҳозирда мактаб лойиҳаси ишлаб чиқилган. Туман ҳокимлиги томонидан мактаб учун ер ажратиш бўйича қарор ҳам чиққан. Яъни 2 гектар ер ажратилган».
Шунингдек, у қуйидаги муҳим маълумотларни ҳам айтиб ўтди:
«Мактабларнинг инфратузилмаси бўйича, яъни талаб этиладиган ўқувчилар сиғими, спорт зали, филиали, иситиш тизими, умуман мактабнинг тўлиқ фаолияти учун зарурий шароит ҳолати бўйича таҳлиллар мавжуд.
2018-2020 йилларда республика бўйича 294 минг қўшимча ўқувчи ўрни яратилган.
Ўзбекистондаги мактабларнинг барчаси (10 мингдан ортиқ) хатловдан ўтказилган. Вазирликнинг ички методикасида белгиланган 8 балли тизим орқали мактабларнинг ҳолати ўрганилиб, тоифаларга ажратилган: ўта оғир, ўрта, яхши ва жуда яхши.
Очиқ айтиш керак, ўта оғир ва оғир ҳолатлар ҳам мавжуд. Ўта оғир тоифага мактаб филиаллари киритилган. Аҳволи аянчли бўлган мактабларимиз ҳам бор. Олдин аҳолини ҳашар йўли билан жалб этиш орқали 20, 30, 50 та болага мўлжалланган мактаб филиаллари қурилган.
Энди бу филиаллар ўрнига шу маҳалла ва атрофда яшайдиган 5-11 синф ўқувчилари узоққа қатнаб ўқимаслиги учун камида 200 қувватга эга мактабларни қуриш режалаштирилган.
Бунинг яна бир эътиборли жиҳати — яхши, замонавий мактаб бўлганидан сўнг малакали ўқитувчиларни жалб қилиш имконияти мавжуд бўлади».