Бинобарин, Президентимиз табригида алоҳида таъкидланганидек, «Қалби пок, орзу-умидлар билан тўлган Сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз...».

Республикамиздаги 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар қаторида Наманган вилоятидаги 711 та илм масканларида ҳам шундай аҳд билан эртанги кунимиз эгаларининг замонавий билимларни мукаммал ўқиб-ўрганишлари учун қулай шароит ва имкониятлар яратилган. 20 та давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида қатор давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблари фаолият юритмоқда.

Уларда ёшларга умумътаълим фанларини пухта ўргатиш баробарида ҳар жиҳатдан етук, жисмонан баркамол, юксак маънавиятли ва кенг тафаккур эгалари этиб тарбиялаш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, мусиқа ва санъат йўналишидаги фестивал ва баҳслар, Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган 5 муҳим ташаббус ижроси сўзсиз таъминланмоқда.

Ёшларга тараққиёт асри талабларига хос ва мос тарзда замонавий билимларни ўргатиш билан бирга уларни касб-корга йўналтириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш доимий эътиборда. Бу борада устоз-шогирд анъаналари мунтазам йўлга қўйилган. Йигит-қизларимизнинг интилишларида ҳам улар «Нимаики қилсанг тилак, барига ўқиш керак!» деган ўгитни қалбан чуқур англаб етганликларини кўриш мумкин.

Якунига етаётган ўқув йилида вилоятимиздаги умумтаълим муассасаларини 36 минг 564 нафар битирувчи тамомламоқда. 409 нафар битирувчиимиз муваффақият марраларини забт этиб, муддатидан аввал нуфузли хорижий олий таълим муассасалари талабалигига қабул қилинди. Бу борада Янгиқўрғон, Мингбулоқ туманлари ҳамда Наманган шаҳри битирувчилари етакчилик қилди.

Ўқувчи-ёшларнинг халқаро фан олимпиадаларида, спорт мусобақаларида, мусиқа ва санъат бўйича фестивал ва танловлардаги кўплаб ютуқлари ҳақида ҳам шундай далилларни келтириш мумкин. Бу эса юртимизда янги Ўзбекистон истиқболини ёшлар камолида деб билиб, уларга беқиёс ғамхўрликлар кўрсатилаётгани, барча шарт-шароитлар яратиб берилаётганидан далолат.

Хусусан, Юртбошимиз табрикда битирувчи ёшларга қарата: «Қалбингиздаги эзгу орзу-интилишларни рўёбга чиқаришда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 137 та олий ўқув юрти, 339 та касб-ҳунар мактаби, 193 та коллеж ва 196 та техникум сизларга мунтазирдир», деб таъкидлаб ўтдилар. Бунинг яққол исботи сифатида таълим ва истиқбол йўлидаги ислоҳот ва янгиланишлар, бунёдкорлик одимлари изчил ва кенг қамровли олиб борилмоқда.

Биргина вилоятимиз мисолида фикр юритсак, 2021 йилнинг ўзида инвестиция дастури бўйича вилоятда 6 та янги мактаб қурилиши амалга оширилмоқда. 13 та мактабда реконструкция ҳамда 6 та илм масканида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилаётган бўлса, Президентимизнинг Наманганга ташрифи чоғида белгиланган устувор вазифалар асосида 3 та янги мактаб бунёд этилмоқда. 7 та реконструкция, 2 та мукаммал таъмирлаш, қолаверса, «Обод маҳалла» Дастури доирасида 5 та, «Обод қишлоқ» дастури бўйича 20 та мактабда қурилиш-таъмирлаш жараёнлари жадал кетмоқда. Мазкур бунёдкорликлар учун жами 306.4 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.

Озод диёр Ўзбекистоннинг, элу юртнинг эртанги кунга, ўз фарзандларига йўналтираётган ғамхўрлиги ифодасини юқоридаги рақамлардан ҳам билса бўлади. Демак, ишончимиз комилки, Президентимиз табригидан руҳланиб битирувчи-ёшларимиз маррани янада баланд оладилар, истиқбол сари шаҳду шижоат билан дадил одимлайдилар. Янги Ўзбекистонимизнинг янги битирувчиларига оқ йўл тилаймиз.

Рустамжон ИСРОИЛОВ,

вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи.