Наркотик савдоси фақатгина шахсий соғлиққа таҳдид солмасдан, балки иқтисодий инқироз, ижтимоий парокандалик, сиёсий барқарорликнинг издан чиқиши ва хавфсизлик муаммоларини келтириб чиқаради. Айниқса, чегаралар орқали наркотик моддаларни олиб ўтиш, уларни тарқатиш ва ноқонуний пул айланмаси жиноий гуруҳлар учун катта манбага айланди. Шу сабабдан, давлатлар наркотик моддаларга қарши курашишда анъанавий ҳуқуқ-тартибот чоралари билан бир қаторда, замонавий таҳлил усулларини ҳам жорий этмоқда.

Шундай усуллардан бири — бу наркотик профайлингдир. Профайлинг (инглизча: профиле — „профиль“) — шахсни ташқи кўриниши, новербал ва вербал хулқидаги энг кўп ахборот берувчи махсус белгилари, хусусиятларини таҳлил қилиш асосида инсон хулқини баҳолаш ва прогнозлашга қаратилган психологик усул ва методикалар мажмуини билдирувчи тушунча.

Бу жараёнда наркокурерлар, тарқатувчилар ва наркотик қочоқчиларига оид маълумотлар таҳлил қилинади, шубҳали ҳаракатларга эътибор қаратилади ҳамда эҳтимолий хавфлар сараланади.

Дунёда гиёҳвандлар сони ортиб бормоқда – БМТнинг маълумотига кўра, охирги ўн йил ичида уларнинг сони 296 миллион кишига кўпайган .

Республикамизда 2023 йилда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 8280 та жиноят аниқланган бўлса, шундан 6147 нафари жиноий ва 1407 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Жавобгарликка тортилганларнинг 58 нафари чет эл фуқаролари бўлиб, шундан 49 нафари МДҲ давлатлари фуқаролари.

Тезкор тадбирлар натижасида 2 тн 31 кг 886 гр гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддалар ноқонуний муомаладан олинган. Шундан, 2 тн 25 кг 13 гр гиёҳвандлик воситалар ва 6 кг 127 гр психотроп моддалар.

Мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларнинг 866 кг 253 гр контрабанда бўлса, 19 кг 687 гр ўз ҳохиши билан топширилган ва 31 кг 580 гр эгасиз бўлган. Шунингдек, 10486 м.кв майдонда таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд ўсимликлар йўқ қилинган.

«Телеграм» ижтимоий тармоғида гиёҳвандлик воситаларнинг ноқонуний савдосини амалга оширувчи 1499 та аккаунтлар аниқланиб, шундан 1311 таси блокланди. Қолган 188 тасини блоклаш бўйича ижтимоий тармоқ модераторларига хабар берилган, шунингдек аккаунтларни реклама қилувчи 2962 та «наркограффити» ўчирилган.

Ушбу мақолада наркотик профайлинг тушунчаси, унинг турлари, амалиётдаги самарадорлиги, ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатлари, шунингдек, уни жорий қилишдаги муваффақиятлар ва муаммолар атрофлича таҳлил қилинади. Мақсад — мазкур усулнинг жамият хавфсизлигидаги ўрнини баҳолаш ва уни қонуний, самарали ва инсон ҳуқуқларига мувофиқ тарзда қўллаш имкониятларини ўрганишдир.

Шунингдек, Наркотик профайлингида самарали ва амалиётда синовдан ўтган кураш усулларини санаб ўтадиган бўлсак, улар техник, амалий ва ҳуқуқий йўналишларга бўлинган:

Химиявий ва физик профайлинг воситалар — булар наркотик моддаларнинг таркибий қисмларини таҳлил қилишга асосланади, таҳлил натижасида наркотик модданинг манбаси, ишлаб чиқарилган минтақаси ва синтетик усулини аниқлаш учун қўл келади;

Ҳаракатлар профайлинг воситалари — шахснинг ташқи ҳаракатлари, психологик ҳолати ва жисмоний реакцияларини таҳлил қилиш ва шахснинг асабийлик, кўзлардан қочиш, терлаш, овозда беқарорлик, қўлдаги титрашлар, ортиқча ҳаракатлар ёки жимлик, юк кўплиги, маршрутнинг асосли эмаслиги;

Ҳужжат ва саёҳат маълумотлари таҳлили — сафар маршрутлари, саёҳат мақсади номаълум, қайта-қайта ўша йўналишларда саёҳат қилиш, қочоқчилик эҳтимоли бор йўловчиларни олдиндан аниқлаш;

Сунъий интеллект – маълумотларни таҳлил қилиб, хавфни автомат аниқлаш, видеокамералар ва сканерлар орқали шахснинг ҳаракатларини таҳлил қилади, асабийлик, қўлда шубҳали ҳаракат, юкни эҳтиёткорлик билан олиб юриш, юк ва транспорт воситаларида наркотиклар бор-йўқлиги АИ билан таҳмин қилади, рентген тасвирлари орқали наркоманни таниб олиш, термал камералар орқали ноодатий иссиқликни аниқлаш,  Масалан: АҚШ ва Хитойда аэропортларда компьютер кўриш (cомпутер висион) ёрдамида наркотик ташувчилар 70–80% ҳолатда автомат аниқланган. СИ билан бошқариладиган сканерлар (масалан, портатив нарко-детекторлар) кимёвий моддаларни тезкор аниқлаш, миллионлаб маълумотлар орасида наркотиклар билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар, хатлар, молиявий операциялар каби шаблонларни автомат таниб олади. Шунингдек, Сунъий интеллект наркотикларга қарши курашда катта самара бериши мумкин. У хавфни олдиндан аниқлаш, тарқалишни кузатиш, кимёвий таҳлилни автоматлаштириш ва шахсларни шубҳасиз кузатиш орқали ҳуқуқ-тартибот органларига кучли ёрдамчи бўлади. Аммо бу технологияларни фақат ахлоқий, қонуний ва инсон ҳуқуқларига мос равишда жорий қилиш керак. Инсон ҳуқуқлари энг устувор қадрият сифатида сақланиши лозим;

Видео кузатув ва идентификация технологиялари — йўловчиларнинг юз ифодаларини, ҳаракат йўналишларини кузатиш, биометрик маълумотлар асосида таҳлил қилиш, автоматик юз ва ҳаракат таҳлили қилиш,      реал вақтда шубҳали ҳаракатни кузатиш ва чора кўриш;

Қидирув ва кузатув воситалари — наркотик моддаларни аниқлаш учун махсус тайёрланган итлардан фойдаланиш, портатив наркотик сканерлардан фойдаланиш (нарко-детекторлар), рентген ва иссиқлик сканерлар (айниқса юк ва чемоданларда), физик ташув воситаларида наркотик моддани аниқлаш;

Ҳуқуқий ва халқаро ҳамкорлик воситалари — Интерпол каби ташкилотлар билан маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, халқаро қонунлар асосида профайлинг протоколлари (шаффоф ва дискриминациясиз) қилиш, қўшма тергов гуруҳлари, трансмиллий қочоқчиликка қарши самарали ҳаракат;

Кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш — профайлинг бўйича махсус тайёргарлик курслари (психология, юриспруденция), ҳуқуқ-тартибот органлари учун тренинглар, ахлоқий (этика) ва инсон ҳуқуқлари соҳасида маълумот бериш, наркожиноятларга қарши курашувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг билимини халқаро стандартларга мос равишда оширишни тизимли йўлга қўйиш.

Наркотик профайлингда самарали воситалар бир-бирига боғлиқ ва комплекс равишда ишлатилиши лозим. Фақатгина техник воситалар эмас, балки инсон феъл-атвори, маълумотларни таҳлил қилиш қобилияти ва қонуний асослар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу воситаларни инсон ҳуқуқларига зид бўлмаган ҳолда, шаффоф ва илмий ёндашув билан қўллаш — наркотиклар тарқалишига қарши самарали кураш олиб боришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шуни таъкидлаш лозимки, наркотик жиноятчилик жамият учун жуда катта таҳдид туғдирадиган, мураккаб ва тизимли жиноят турларидан бири ҳисобланади. Унинг тарқалиши нафақат инсон саломатлиги ва маънавиятига, балки давлат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, унга қарши курашишда замонавий, тизимли ва илмий ёндашувларни жорий этиш долзарб масалага айланган.

Шу нуқтаи назардан олганда, профайлинг — наркотик билан боғлиқ жиноятларни барвақт аниқлаш, таҳлил қилиш ва олдини олишда самарали восита сифатида намоён бўлмоқда. У шахснинг психологик, ижтимоий, биометрик ва поведенциал (хатти-ҳаракат) хусусиятларини таҳлил қилиш орқали жиноят содир этиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар тўғрисида маълумот тўплашга имкон беради. Айниқса, наркотик трафикини ташкил қилувчи гуруҳларнинг ҳаракатлари ва уларнинг ички тузилмасини фош этишда психологик ва ижтимоий профайлинг усуллари юқори самара бермоқда.

Шу билан бирга, профайлингнинг жорий қилиниши ҳуқуқий-этик чекловлар, шахсий маълумотлар ҳимояси, технология имкониятлари ва малакали кадрлар етишмаслиги каби қатор муаммолар билан тўқнаш келади. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун замонавий биометрик тизимларни жорий этиш, мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш ва қонунчилик базасини такомиллаштириш зарур.

Хулоса қилиб айтганда, наркотик профайлинг бугунги кунда жиноятчиликка қарши курашнинг инновацион, тезкор ва аниқ усулларидан бири сифатида жиноят-ҳуқуқий тизимда алоҳида ўрин тутади. Ундан самарали фойдаланиш учун илмий ёндашув, халқаро тажриба ва миллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган зарур.

 

Аббос Пайзиев,

«Махсус ҳуқуқий фанлар ва ҳарбий дипломатия кафедраси доценти,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

(PhD)