Нарпай тумани “Алишер Навоий” маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Ҳайдарова туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ноқонуний ишдан бўшатилди. Афсуски унинг додини ҳеч ким эшитмади, эшитгиси келмади. Чунки фуқарога нисабатан қўлланилган ҳаракат ғайриқонуний эди-да.
Маълум бўлишича, туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимининг 2022 йил 10 майдаги 6 сон буйруғига асосан 56 нафар маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари, шу жумладан, юқоридаги маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари билан тузилган меҳнат шартномаси ҳам Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан бекор қилинган. Таажжубланарлиси ходимга мазкур буйруқ нусхаси ҳатто берилмаган. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 108-моддасини бузишдир.
Қонунчиликка кўра, (01.03.22. ПФ-81-сон фармон 7-банд) ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги ҳар бир маҳаллада маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими ўрнига хотин-қизлар фаоли лавозими маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақланган ҳолда бир нафардан жорий этилиши белгиланган. Яъни, штат бирликлари қисқартирилиши назарда тутилмаган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 98-моддаси биринчи қисмига асосан корхона мулкдори алмашганда, худди шунингдек корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади.
Яна ҳам қизиғи, 2022 йил 10 майда қабул қилинган Р.Ҳайдарова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ, мазкур буйруқни қабул қилиш ваколатига эга бўлмаган Нарпай туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи томонидан қабул қилинган. Амалдаги Меҳнат кодексининг 107-моддасида меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилиши ва буйруқ билан расмийлаштирилиши белгиланган. Ўрганишлар давомида иш берувчи томонидан ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш жараёнларидан аввал амалга оширилиши шарт бўлган бошқа ҳаракатлар ҳам бажарилмаганлиги ойдинлашди.
Фуқаронинг мурожаатидан келиб чиқиб Нарпай туман адлия бўлими фуқарони ишга тиклаш масаласида судга даъво аризаси киритди. Суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 249-253-моддаларини қўллаб, Р.Ҳайдаровани ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлар учун 14 920 957 сўм иш ҳақи ундириш ҳақида қарор қабул қилди. Шунингдек, туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимининг 2022 йил 10 майдаги 6-сонли буйруғининг Р.Ҳайдаровага тегишли қисмини ғайриқонуний деб топди.