Жумладан, Паркент туманида ҳар куни вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Хуршид Усмонов, туман прокурори Шарифжон Акбаров, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимлари раҳбарлари, туман Кенгаши депутати Муҳайё Аҳмедовадан иборат ишчи гуруҳ озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозордаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида тадбиркорлар ва новвойлар билан учрашиб турибди.
Мутасаддилар туманда қолипли нон ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик тадбиркорлик субъектларидан бири “Дилноза” корхонасида ҳам бўлди. Корхона вакиллари қолипли нон ишлаб чиқаришни тавсия этилган ва белгиланган нархда кўпроқ сотиш мақсадида 225 миллион сўм миқдорда имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат этишди. Мурожаат жойида қаноатлантирилиб, банк мутасаддиларини корхонага чақирилди. Суҳбат жараёнида “Дилноза” корхонасига 1 ҳафта муддат ичида 14 фоизда имтиёзли кредит ажратилиши маълум қилинди.
Шундан сўнг бозор ҳудудида ҳам ўрганиш ишларини олиб борилди. Новвойлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчиларга нарх-навони барқарор сақлаш, сунъий ошириб юбормаслик юзасидан зарур тушунтириш, тавсиялар берилди.
Шунингдек, аҳоли учун арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркасидаги нарх-наво назорат қилинди.
Бозор ҳудудидан ташқари, маҳаллалардаги савдо нуқталарида қолипли нон савдоси тавсия этилган 2800 сўмдан ошиб кетмаслиги учун тадбиркорларга амалий ёрдам берилди. Хусусан, Булоқбоши маҳалласидаги “Асл китоб” МЧЖга қарашли озиқ-овқат дўконига ҳамда якка тадбиркор Х. Раҳмоновга арзон нархларда қолипли нонни етказиб берадиган таъминотчилар топиб берилди.
Тумандаги Кумушкон маҳалласида фуқаролар учун сайёр қабул ҳам ташкил этилди.
Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили туман тиббиёт ошхонаси бўлди. У ерда нон маҳсулотларнининг таъминланганлик даражаси, нарх-навоси ўрганилди. Туман бош шифокорига нон маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда етказилишида узилишлар бўлмаслиги борасида зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Паркент туманида қолипли нон ишлаб чиқараётган тадбиркорлар ҳамда новвойлар фаолиятида учраши мумкин бўлган муаммолар ҳамда жойларда нарх-наволарни мақбул нархларда сотилиши юзасидан олиб бораётган кунлик назорат давом этмоқда.