Қонун лойиҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидагилар назарда тутилмоқда.
Хусусан:
— келгуси йилда асосий солиқ турлари, жумладан фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, қўшилган қиймат солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ турлари бўйича ставкалар ўзгаришсиз қолдирилмоқда;
— мобил алоқа хизматлари соҳасига инвестициялар миқдорини кўпайтириш, мобил алоқа ва интернет хизмати сифатини ошириш мақсадида мобил алоқа операторлари учун акциз солиғи бекор қилинмоқда;
— маҳаллий буджетлар даромадини ошириш, иш ўринларини легаллаштириш ҳамда солиқ бўйича Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар ваколатларини ошириш мақсадида уларга якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги ставкаларини фаолият тури ва жойлашган ҳудудига қараб белгилаш ваколати берилмоқда;
— якка тартибдаги тадбиркорларнинг ёллаган ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ўзлари учун белгиланган қатъий солиқнинг 50 фоизини тўлаш ҳуқуқини бериш ҳамда бозор ва савдо комплексларида фаолият юритаётган якка тадбиркорларнинг ёллаган ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини пасайтириш каби нормалар киритилмоқда.
Депутатлар томонидан бизнес учун солиқ ставкалари ўзгаришсиз сақлаб қолинаётгани мамлакатимизда инвестициявий муҳитга ижобий таъсир кўрсатиши, тадбиркорларнинг янада ривожланишига хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.
Муҳокамаларда халқ вакиллари маҳаллий Кенгашлар ваколатларини кенгайтириш бўйича ўз муносабатларини билдирди. Хусусан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини маҳаллий кенгашлар томонидан белгилаш, сув солиғи ставкасига ҳамда норуда қурилиш материаллари учун қатъий белгиланган ставкаларга коэффициент қўллаш ва нашриёт-матбаа корхоналарини фойда солиғидан озод қилишга оид нормалар маъқулланди.
Шунингдек, Жаҳон савдо ташкилоти талабларига қонунчилигимизни уйғунлаштириш, атроф муҳитни асраш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш орқали солиқ базасини янада кенгайтиришга қаратилган чоралар қўллаб-қувватланди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши иқтисодиётда инвестициявий муҳитни яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тенг шарт-шароитларни таъминлаш ҳамда бизнес юритишни енгиллаштиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.