Ушбу йўналишда қонунларнинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларидаги ва меҳнатга лаёқатли аҳоли умумий сонидаги улуши кўпайишига хизмат қилиб, сиёсатчи ва раҳбар аёллар кўрсаткичи ҳамма соҳада ортишига, мамлакат гендер тенгликка эришиш йўлидан изчил бораётганидан далолат бермоқда.
Куни кеча Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасида «Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» мавзусидаги халқаро форумда иштирок этган БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталя Герман ҳозирги кунда бутун дунё пандемия ва унинг оқибатлари билан курашишдек мураккаб даврни бошидан ўтказаётгани, бу хотин-қизларни ҳам четлаб ўтмаганини қайд этди.
— Глобал синовлар олдида инсоният ожиз бўлсада, унга, айниқса аёлларга тинчлик ва барқарорлик зарур, — дейди Н.Герман. — Жамиятнинг таъсирчан ва тиргакка муҳтож қатлами бўлган хотин-қизларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳам гендер тенгликка эҳтиёж бор. Буни тушунган ҳолда хотин-қизларга зарур имкониятларни яратиб бераётган давлатларни БМТ, унинг раҳбарияти доим қўллаб-қувватлайди. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, бу борада минтақавий ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган бугунги форум эса эътирофга муносиб. Чунки бундай халқаро даражадаги катта тадбирлар ҳамкорликни ривожлантиради, иқтисодий масалада янги имкониятлар очади. Зеро, ҳамкорликсиз ривожланишга эришиб бўлмайди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан яқинда яна бир катта халқаро конференция ўтказилади. Бу ҳам муҳим ва зарурий ташаббус. Шундай амалий ишлар, иқтисодий ҳамкорликлар орқали муаммоларни енгиб ўтамиз.
Айтиш лозим, 2022 йилда БМТ доирасида яна йирик тадбирлар ўтказилади. Унда албатта аёллар мавзуси ҳам кун тартибига киритилади. Айнан Марказий Осиё минтақасида аёллар потенциали анча юқори. Уни рўёбга чиқаришни БМТ доим қўллаб-қувватлайди
Бир сўз билан айтганда, давлатнинг тўлақонли фаолият юритиши учун унда аёллар ҳам тенг ҳуқуқ асосида фаол иштирок этиши керак. Бунда эса минтақавий мулоқотлар, форумлар муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан Жаҳон банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида ташкил этилган тадбирда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича фикр ва илғор тажриба алмашиш, тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ўзаро ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини аниқлаш ҳамда Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон аёллари ўртасида ҳамкорлик ва ишбилармонлик шериклигини ўрнатиш бўйича муҳим келишувларга эришилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.