Инсониятнинг барча буюк вакиллари бизни ҳамиша камолотга, етукликка чорлайдилар. Бу муқаддас туйғу Ҳазрат Алишер Навоий ижодининг қайрилмас қаноти дейишимиз мумкин. Улуғ бобомиз Алишер Навоий ижодини ўқиб-ўрганиш, мағзини чақа билишнинг ўзиёқ етукликдан бир нишонадир. Ҳазрат Алишер Навоий орзу қилган ҳамда мунтазам равишда уқтирган инсоний комилликка эришиш эса улкан шарафдир. Буюк ижодкор ўзининг армонларини, ўгитларини гўзал ғазалларида, рубойиларида, беназир достонларида маҳорат билан ифода этган. Алишер Навоий асарларини мутолаа этар эканмиз, унда бугунги ҳаётимиздаги ҳар қандай муаммонинг маънавий ечимини кўришимиз мумкин.

Ранж кўрмай киши тоаму фароғ,

Кўнгли ўртанмайин ёнарму чироғ.

 

Тухм ерга кириб чечак бўлди,

Қурт жондан кечиб ипак бўлди.

 

Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!

Навоий ўз даврининг қомуси сифатида мана шу фазилату нуқсонларни барчасини баралла қаламга олди. У чиқарган хулосалар умуминсоний кашфиётлар бўлиб қолди. Навоийга бугун ҳам қайта-қайта мурожаат қилаётганимизнинг боиси шундандир. Ҳазрат Алишер Навоий ижоди ва фаолияти улкан бир уммондир. Унинг тубига етиш  -  уммон остидаги дуру жаъвоҳирларга, яъни маънолар ҳазинасига эга бўлиш ёхуд бу буюк баҳрни дафъатан баҳолаш неча-неча авлодларнинг умрига татигуликдир.

Муҳит ичра чўммай нечунким наҳанг,

Киши урса бўлурми гавҳарга чанг. – дея хитоб қилганларида нақадар ҳақ эдилар Ҳазрат Навоий.

Навоийнинг шеърий маҳорати ҳақида бир умр бетўхтов гапириш мумкин. У ўз ижодини, ғазалиётини фақат шеърият, санъат безаги учун эмас, балки аниқ мақсадлар учун, эзгу ғоялар учун хизмат қилдирди. Унинг бетакрорлиги ҳам шунда. Буни навоийшунос олимларимиз  кўплаб тадқиқотларида очиб берганлар. Ҳазрат Навоий  ўз достонларида, юзлаб ҳикоятларида даврниннг энг нозик сиёсий-ижтимоий нуқталарига тадбиркорлик ва лутф билан муносабат билдириб келган. Шу маънода у ғоятда жасур инсондир. Айни вақтда унинг фуқаропарварлиги, раҳмдиллиги ҳақида юзлаб ривоятлар яратилган. Шулардан бирида, бош вазир Алишер сайру саёҳатда чодир қуриб бир мунча вақт саҳрода туриб қолибди. Шу орада чодирга бир қуш ошён қуриб полапон очаётган экан. Алишер ўша қуш то полапонини  учирма қилгунча безовта бўлмасин, деб чодирда махсус қоровул қолдирибди. Қушгаки шунчалик меҳрибон бўлган зот халқ дарди учун қанчалик куйиб ёнганини таърифлашга қалам ожизлик қилади.

Навосиз улуснинг навобахши бўл,

Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл.

Ҳазрат Алишер Навоий дунёда душманлик эмас, ёрлиқ маъқул ишдир, деганларида айнан бизнинг кунларни ғайбдан кўрган бўлсалар ажаб эмас.

Навоий идеаллари бир халқ, бир тил, бир миллат чегарасига сиғмайди. Бу зотнинг ўгитлари жами инсон боласига, ақл-тафаккур соҳибларига қаратилгандир. Шу боисдан ҳам Ҳазрат Алишер Навоийни башариятга меҳнати сингган зот бўлганлиги учун ардоқлаб, шоир таваллуди катта тантаналар билан кенг нишонланаяпти. Ҳаёт кўрсатиб турибди, буюк шоирга садоқат, унинг ўлмас асарларини фақат мутолаа қилишда эмас, балки унинг орзу умидларини унутмасликда ҳам намоён бўлар экан. Шу кунларда дунё туркийларини “якқалам” қилган сиймонинг табаррук маконлари қайтадан нурга тўлаётгани шубҳасиздир.

Моҳира ЖУМАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Фанлар академияси матбуот котиби.