Пресс-турнинг биринчи объекти “Навоий Дори-Дармон” акциядорлик жамиятига қарашли “Авиценна” дори воситалари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамияти бўлди. “Авиценна” МЧЖ 2001 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, бугунги кунда 17 турдаги дори воситалари ишлаб чиқаради. Бу маҳсулотлар “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси тизимидаги ҳамда хусусий дорихоналарга шартнома асосида етказиб берилади.
Айни кунларда “Авиценна” МЧЖ Покистоннинг “Fair Enterprise” компаниясининг маркетинг бўйича директори доктор Сулейман Абид билан дори-дармон ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб боряпти.
Пресс-турнинг иккинчи объекти “Навоий Дори-Дармон” АЖ дори воситалари омбори бўлди. Омборхонада 2180 хилдан ортиқ маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг дори воситалари зарур шароитларда сақланади. Термолобил дори воситалари сақланиши учун музлаткич ва музлаткич камералари мавжуд.
Қизилтепа туманида жойлашган Марказий дорихона пресс-турнинг учинчи объекти бўлди. Қизилтепа тумани кўп сонли аҳолига эга туманлардан бири ҳисобланади. Туманда жамиятга қарашли бўлган битта Марказий дорихона ва 20 та дорихона шохобчасида 5 нафар олий маълумотли ҳамда 15 нафар ўрта маълумотли фармацевт ходимлар фаолият юритиб келмоқда.
“Навоий Дори-Дармон” АЖ тизимида жами 120 та дорихона ва дорихона филиаллари ҳамда 9 та кўчма дорихона мавжуд.
“Дори-Дармон” АК матбуот хизмати