Бундан ташқари, вилоятлар ҳокимликлари томонидан жами 2,5 миллиард долларлик фармацевтика лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрланган. Ушбу лойиҳалар ҳисобига йилига 1 миллиард долларлик импорт ўрнини босувчи дориларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин.
Мисол учун, Андижонда 203 миллион долларлик 16 та лойиҳа амалга ошириш режа қилинган. Жумладан, 30 миллион долларлик лойиҳада Ўзбекистонда илк бор қон плазмасидан инсон албуминини ишлаб чиқаришни бошлаш кўзда тутилмоқда.
Сирдарёда ҳам бу йил 188 миллион долларлик лойиҳани ишга тушириб, биргина Афғонистоннинг ўзига 50 миллион долларлик дори воситаларини экспорт қилиш режаси бор.
Лекин Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ҳокимлари таклиф қилаётган лойиҳалар 100 миллион долларга ҳам етмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Тақдим қилинган лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини ўрганиб, амалга ошириш чораларини кўриш топширилди. Мутасаддиларга паст қувватда ишлаётган ёки мулки банк балансига олинган корхоналарни соғломлаштириш дастурини бошлаш вазифаси қўйилди.