Бухоро шогирди

Хожа Аҳмад Яссавий ҳозирги Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятидаги Сайрам туманида туғилиб ўсган. Бугунги вилоят маркази ҳисобланган Туркистонда яшаб, фаолият олиб борган. У ўзбек бўлган ва она тилида ижод қилган. Бухоро шаҳрида Эроннинг Ҳамадон шаҳридан келган Шайх Хожа Юсуф Ҳамадонийга мурид тушиб, унинг ҳузурида тасаввуфий тарбия топган.

Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тўрт нафар халифаси (ўринбосари) бўлган. Булар — Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Хожа Юсуф Ҳамадонийдан кейин буларнинг ҳар бири пирлик қилган, кўп муридлари бўлган.

Булардан Хожа Аҳмад Яссавий яссавия, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний хожагон тариқатларига асос солди. Хожагон тариқатини Хожа Баҳоуддин Нақшбанд янада такомиллаштирди. Шунинг учун XV асрда Абдураҳмон Жомий уни “нақшбандия” деб атади.

Алишер Навоийнинг авлиёлар ҳақидаги “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” тазкирасида яссавия тариқатининг охирги шайхлари рисолаларига таяниб далолат қилишича, Хожа Аҳмад Яссавий Туркистон томонларга бориб, барча муридларини Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийга итоат қилишга даъват этади. Бу ҳам Хожа Аҳмад Яссавийни юртимизга чамбарчас боғлаб турадиган яна бир нозик нуқта ҳисобланади.

Яссавия тарғиботчиси

“Насойим ул-муҳаббат...” аслида Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс ва ҳазарот ил-қудс” тазкирасининг ўзбекчага таржимаси. Бироқ Навоий унинг айрим жойларини қисқартирган, шунингдек, яссавия авлиёлари ва ҳинд шайхлари ҳақидаги янги-янги маълумотларни киритган. Шунингдек, пири ва устози Абдураҳмон Жомий ҳақида бир қисм қўшган. Бу ҳақда асарнинг кириш қисмида жумладан, шундай деб ёзади: “...Ҳазрат Шайх Фаридуддин Аттор қуддиса сирруҳу битган “Тазкират ул-авлиё”дин баъзи кибор машойихким, “Нафаҳот ул-унс...”ға дохил бўлмабдур эрди, ҳар қайсини муносиб маҳалда дохил қилдим ва ҳинд машойихи шарҳи ҳам оз мазкур эрди, мумкин бор тилаб, топиб ҳазрат қутб ул-авлиё Шайх Фарид Шакарганж қаддаса арвоҳаҳумдин сўнгги машойихгача илҳоқ қилдим ва турк машойихи зикри ҳам озроқ эрди, они доғи ҳазрат шайх ул-машойих Хожа Аҳмад Яссавий раҳимаҳуллоҳудин бу замонғача, улча мумкин бор тилаб, топиб, зикрларин ва баъзи ҳолоту сўзларин ўз маҳалида дарж қилдим”.

“Насойим ул-муҳаббат...”нинг жами 17 фаслида Хожа Аҳмад Яссавий ҳақида маълумот келтирилади. Айримларини юқорида эслатдик.

Тазкирада 448-рақам билан келган Қусам Шайхнинг “турк машойихидин”, “Хожа Аҳмад Яссавий хонадонидин” экани айтилади. “Турк машойихи” деганда, Навоий яссавия шайхларини кўзда тутган.

Яссавия ва нақшбандия синтези

Тазкиранинг Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳақидаги фаслида бу зоти шариф Бухородан Насаф (Қарши)га бориб, Қусам шайхдан тарбия олгани ҳам ёзилади. Яссавия ва нақшбандия бир манбадан келиб чиққани, иккала тариқат асосчисининг пири ҳам Хожа Юсуф Ҳамадоний эканини билар эдик. Орадан икки аср ўтиб, Қусам шайх билан Хожа Баҳоуддин Нақшбанд пир-муридлиги мисолида бу икки тариқат яна бирлашди. Шу тариқа ўзаро синтез ҳодисаси юз берди.

Рисолада 481-рақам билан келган Шайх Розиуддин Али Лоло Ғазнавий ҳақида бир қизиқ воқеа баён этилади. Бу шайх тушида кўрадики, бир улуғ зот кўкка нарвон қўйиб, муридларини осмонга етказаётган экан. Унинг ҳам қўлидан тутиб, юқорига олиб чиқибди. Бу тушини отасига айтиб берибди. Отаси ўша пирнинг номини сўрабди. Ўғли унинг оти Нажмиддин Кубро эканини айтибди. Шунда отаси: “Сенинг тарбиянг калити шу зотнинг қўлида, уни қидириб, топишинг керак”, дебди.

Шайх Али Лоло Туркистонда Хожа Аҳмад Яссавий хонақоҳида хилватда ўлтурган эди. Иттифоқо биров Хоразмдан келиб қолди. Хожа Аҳмад Яссавий ундан: “Хоразмда ҳозирги пайтда тасаввуф йўлига кирганларга пешволик қиладиган бирор киши борми?” деб сўради. Шунда у Шайх Нажмиддин Кубро деган бир йигит халқни тариқатга чақира бошлаганини айтди. Буни ичкарида туриб эшитган Шайх Али Лоло хилват хонасидан отилиб чиқди. Қиш бўлишига қарамасдан, ўша заҳоти Хоразм сари сафарга отланди. Нажмиддин Кубро ҳузурига шошилди. Келиб, сулукка машғул бўлди. Кейин Нажмиддин Кубронинг муриди бўлмиш Шайх Маждиддин Бағдодийдан ҳам тасаввуфий таълим олиш бахтига мушарраф бўлди.

Бу тафсилотлар орқали биз Марказий Осиёда пайдо бўлиб, бутун мусулмон оламига кенг ёйилган кубравия, яссавия ва нақшбандия тариқатларининг ўзаро чамбарчас боғлиқлигидан хабар топамиз.

“Туркистон аҳлининг қиблайи дуоси”

“Насойим ул-муҳаббат...”да Хожа Аҳмад Яссавий 611-шайх сифатида келади. Бу фаслда қуйидагича маълумотлар келтирилади: “Туркистон мулкининг шайх ул-машойихидур. Мақомоти олий ва машҳур, каромоти мутаволий ва номаҳсур эрмиш. Муриду асҳоби ғоятсиз ва шоҳу гадонинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш. Имом Юсуф Ҳамадоний қуддиса сирруҳунинг асҳобидиндур. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу била суҳбат тутубдур ва Хожа Абдуллоҳ Баррақий ва Хожа Ҳасан Андоқий қаддамаллоҳу раҳматика била ҳамки, Имом Юсуф Ҳамадоний раҳимаҳуллоҳу таоло муридларидурлар. Имом қайси бийик маротибға етибдурлар, мусоҳиб бўлубдур ва рўзгор машойихидин кўп бузургворлар анинг тарбиятин топибдурлар ва Шайх Розиуддин Али Лоло қуддиса сирруҳу шайхи бузургвор Шайх Нажмуддин Кубро раҳимаҳуллоҳу хизматиға етардин бурун Хожа Аҳмад Яссавий қаддасаллоҳу руҳаҳу хизматида бўлуб эрди ва анинг хонақоҳида анинг иршоди била сулук қилибдур ва анинг мозори Туркистонда, Ясси деган ердаки, анинг мавлид ва маншаидур, воқеъ бўлубдур ва Туркистон аҳлининг қиблайи дуосидур”.

Бу ерда Навоий “Ясси” деганда, фақат ҳозирги Ясси шаҳрини эмас, умуман, шу вилоятни кўзда тутган. Чунки бу ер Яссавийнинг туғилган юрти сифатида тилга олинади. Тахаллуси ҳам Яссавий эканлиги бежиз эмас.

Мазкур тазкирада яссавия тариқати шайхлари ҳақида гап кетганда, таржимон-муаллиф уларнинг Хожа Аҳмад Яссавийга алоқасини қайд этиб ўтишдан эринмайди.

Шуни қўшимча қилишимиз керакки, Яссининг номи кейинчалик “Туркистон” бўлиб кетишига сабаб ҳам айнан Хожа Аҳмад Яссавий. Навоий Хожа Аҳмад Яссавий дафн этилган бу муқаддас маконни бекорга: “Туркистон аҳлининг қиблайи дуосидур”, дея тилга олгани йўқ.

Туркистон шаҳри нега “Туркистон” дейилган?

Бизда қадимдан жой номларини ўша ерда дафн этилган авлиё зот номи билан аташ  анъанаси бор. Масалан, ҳозир расман амалда бўлган Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур, Тошкент вилоятидаги Зангиота, Наманган вилоятидаги Поп туманлари номлари айнан шу асосда шаклланган. Яқин-яқинларгача халқ орасида Бухорода Ғиждувонни “Хожайи жаҳон”, Шофирконни “Хожа Ориф”, Когонни “Баҳоуддин” деб аташ одати бор эди.

Худди шунга ўхшаб, Яссини халқ бора-бора “Хожайи Туркистон”, “Пири Туркистон” деб атай бошлаган. Кейинчалик қисқа қилиб, “Туркистон” деб ҳам кетаверган. Рус босқинидан кейин “Туркистон” Яссининг расмий номига айланган.

“Туркистон” этноними қачон, қаерларни англатган?

“Туркистон” этноними ҳар асрда ҳар хил ҳудудни англатиб келган. Масалан, Муҳаммад Наршахий Х асрда ёзилган “Бухоро тарихи” китобида Бухоронинг кўп аср ботқоқликдан иборат бўлгани, ботқоқлик қурий бошлагач, бу ерга аҳоли кўчиб кела бошлаганини битади. Жумладан: “Аҳоли, асосан, Туркистон томонлардан кўчиб келар эди”, дейди.

Ҳозир “Бухорога аҳоли Ўзбекистон томонлардан кўчиб келар эди”, деб ёзиб бўладими? Йўқ. Чунки Бухоро ҳам Ўзбекистон таркибига кирадида. Демак, Наршахий замонида “Туркистон” деган жой номи таркибига Бухоро кирмаган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида отаси Умаршайхнинг қайнотаси, яъни Юнусхонни кўп бор Тошкентга олиб келиб, унга қулай шароитлар яратиб бергани, лекин, шунга қарамай, у яна Туркистон тарафларга кетиб қолаверишини ёзади. Демак, XVI асрда Тошкент ҳам “Туркистон” этноними англатган ҳудудга кирмаган.

“Туркистон” деганда, ўтган асрларда, асосан, туркий халқлар яшайдиган ҳозирги Қозоғистон, Қирғизистон, Шарқий Туркистон (Уйғуристон), Мўғулистоннинг бир қисми, Жанубий Сибирь томонлар кўзда тутилган.

Рус босқинидан кейингина илк бор “Туркистон” расмий маъмурий бирлашмани англатди — Туркистон генерал губернаторлиги тузилди. Лекин ўшанда ҳам Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги ҳудудлари Туркистон генерал губернаторлигига бевосита бўйсунмас эди. Туркистон генерал губернаторлиги ҳудудлари аҳолиси Россия фуқароси ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам 1916 йилги мардикорлик кампаниясида Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидан мардикор олинмаган.

Дарвоқе, айнан Хожа Аҳмад Яссавий ҳаққи-ҳурмати Қозоғистон Республикаси бу вилоятини “Туркистон” деб қайта номлади ва вилоят марказини ҳам Чимкентдан Туркистон шаҳрига кўчирди.

Навоий қаламида яссавийлар

“Насойим ул-муҳаббат...”да 612-рақам билан келган Қутбиддин Ҳайдар Туркистон подшоҳининг ўғли бўлган. Хожа Аҳмад Яссавийга мурид тушган. Отаси ҳар қанча уринмасин, уни бу йўлдан қайтара олмайди. Яссавий унга яхши тарбия бериб, Хуросон вилоятига юборади. У ерда “Қутби олам” дея улуғланадиган даражага етади. Қабри ‒ Хуросоннинг “Турбат” деган ерида. Навоий турбати, яъни қабри ўша ерда бўлгани учун бу ерни халқ “Турбат” деб атай бошлаган.

Тазкирада 613-рақам билан келган Ҳаким ато, яъни шайх ва шоир Сулаймон Боқирғоний ҳам Хожа Аҳмад Яссавийнинг муриди эди. Унга “Ҳаким” деган шарафли номни ҳам айнан Хожа Аҳмад Яссавий берган. Бир гал шайх муридларига даштдан ўтин териб келишни буюради. Ёмғир ёққани учун келтирилган ўтинлар ҳўл бўлиб қолади. Лекин Сулаймон Боқирғоний терган ўтинларини тўнига ўраб, қуруқ тарзда олиб келади. Шунда пир унга: “Эй фарзанд, ҳакимона иш қилдинг!” дейди ва шу билан бу шогирд исмига “Ҳаким” шарафи қўшилади. Бу сўз айни ўринда “донишманд”, “ақлли” маъносини англатади.

Соҳибқирон Амир Темур ҳам нақшбандий, ҳам яссавий

Тазкирада Соҳибқирон Амир Темур билан боғлиқ бир муҳим воқеа баён этилади. Буюк ҳукмдор шайхнинг суҳбатига келади. Келаётганида кўнглидан: “Бу шайхнинг маъно оламидан хабари бўлса, бизга иссиқ ҳолва тортади”, деган хаёл ўтади. Шайх олдиндан муридларига ҳолва тайёрлашни буюрган экан. Шайх Амир Темурни дастурхонга таклиф қилиб: “Аввали — салом, ўртаси — таом ва охири — калом!” ‒ дейдида, дастурхонга ҳолва торттиради. Соҳибқирон шайхнинг кароматига қойил қолиб, унга мурид тушади. Хонақоҳ қурдириб, кўп ерларни унга вақф қилиб беради.

Соҳибқирон Амир Темурнинг хожагон тариқати пирларига мурид тушганини, Хожа  Баҳоуддин Нақшбанднинг пири бўлган Амир Кулолнинг муриди эканини билар эдик. Демак, бундан унинг яссавия тариқати муриди ҳам бўлгани аёнлашади.

Бундан ташқари, бизнингча, Хожа Боязид айнан Яссида, Хожа Аҳмад Яссавий қабри ёнида яшаган. Амир Темур шу ерда хонақоҳ ва мақбара қурдирган. Навоий айнан шуни ёзган бўлиши керак.

Яссавийнинг хирқаси кимга теккан?

Тазкирада 618-шайх сифатида келган Хожа Халил ҳам Хожа Аҳмад Яссавий авлоди сифатида тилга олинади. Ҳатто Хожа Аҳмад Яссавийнинг хирқаси (чопони) ва жойнамози “бободан қолган табаррук ашё” сифатида шу шайхга теккан.

Номи 637-шайх сифатида келган Кешлиғ ато Самарқанднинг Кешидан, яъни ҳозирги Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабзидан бўлган. Ўша пайтларда у ўз юртидан сургун қилинган. Шунда у Туркистондаги Хожа Аҳмад Яссавий мозорига бориб, тасаввуф билан машғул бўлган. Кейин Чин (Хитой) мамлакатига жўнаб, пирлик қилган, кўп киши унинг муридига айланган. Қабри ҳам ўша ерда.

Яссавия шайхлари  нега “Ато” дейилган?

“Насойим ул-муҳаббат...”да 639-шайх сифатида келган Саййид ато ҳам Хожа Аҳмад Яссавийнинг яқин қариндоши бўлган. Тасаввуфда улуғ мартабаларга эришган. Даъвоси ҳам катта бўлган. Ҳатто: “Мен ва Аҳмад тенгаштук (тенглашдик), мен бийикрак эрдим”, деган. Навоий бу зотни баъзилар “сиёдатқа мансуб”, яъни Муҳаммад пайғамбар авлодларига тегишли, деб ҳисоблашини ёзади. Шунга қўшимча қилиб: “Ва турк улусида “Ато” дерлар”, ҳам дейди. Бундан англашиладики, яссавия тариқати вакиллари номига “Ато” сўзининг қўшиб тилга олиниши айнан уларнинг саййидлигига ишора экан.

Ягона илдиз

Бу маълумотлар бизга тарихимизнинг кўп-кўп масалаларини ойдинлаштириш имконини беради. Энг аввало, биз кубравия, яссавия ва нақшбандия тариқатлари ўртасидаги тиғиз алоқадорликдан хабардор бўламиз. Қолаверса, Марказий Осиё халқларининг қони ҳам, тарихи ҳам, маданияти ҳам, маънавияти ҳам бир илдизга бориб тақалишини янада теранроқ англаймиз.