Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса Томдибулоқ ОФЙ яқинида, йўлнинг 167–168-километрлари оралиғида содир бўлган.
Маълум қилинишича, «Зарафшон–Навоий» йўналишида ҳаракатланаётган «Zhong Tong» русумли автобусни бошқариб кетаётган 39 ёшли ҳайдовчи Ш. Х. (17 йиллик стажга эга) транспорт воситаси устидан назоратни йўқотган. Оқибатда автобус йўлнинг ўнг томонига чиқиб кетиб, ағдарилган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, автобусда 47 нафар йўловчиси бўлган.
Ҳодиса оқибатида йўловчи сифатида кетаётган 2 фуқаро жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган. Турли кўринишдаги тан жароҳатлари олган 9 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларига ётқизилган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
"Ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш, жабрланганларга ва уларнинг оила аъзоларига зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда юзага келган оғир оқибатларга ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда", дейилади хабарда.