Анжуманда Навоий вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Суннатулла Назаров 2023 йилнинг 9 ойи давомида вилоят солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилган ишларга батафсил тўхталиб ўтди.

Хусусан, 2023 йилнинг 3-чораги якуни билан вилоят бюджет даромадлари прогнози ва маҳаллий бюджет даромадлари прогнози, солиқ текширувлари ва асосийси, солиқ юкининг камайтирилиши, солиқ тўловчиларга жорий этилаётган янги имтиёзлар, соҳада коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берди.

– Жорий йилда вилоятимиз бюджет даромадлари прогнози 1 триллион 972 миллиард 374 миллион 800 минг сўм этиб белгиланган. Жорий йилнинг 3-чораги якуни билан белгиланган прогноз режаларининг 74,2 фоизи бажарилди, — дейди Суннатулла Назаров. — «Солиқчи – кўмакчи» тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий кўмак бериш, фаолиятини тиклаши учун муносиб ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлик субъектларини ортиқча харажатлар ва қонун бузилишларидан сақлаш мақсадида уларнинг 788 тасига ҳисоботларини тўлдириш ва топширишга кўмаклашилди. Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг 212 тасига фаолият туридан келиб чиқиб, оптимал солиқ режими танлаб берилди. Айланма маблағга муҳтож бўлган 16 та тадбиркорлик субъектларига 2 120,0 миллион сўм кредит олинишига кўмаклашилди. 2023 йил 1 октябрь ҳолатига вилоятимизда 6246 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилари мавжуд бўлса, 2023 йил 9 ой якуни билан 402 та ҚҚС тўловчиларга 143 миллиард 774 миллион 500 минг сўм қўшилган қиймат солиғидан салбий фарқ суммаси уларнинг ҳисоб рақамига қайтариб берилди. Натижада тадбиркорларнинг айланма маблағлари яна ортишига имконият яратилди.

Шунингдек, анжуманда вилоят солиқ бошқармаси ходимлари Собиржон Намозов, Муҳаммаджон Абдуллаев ва Фазлиддин Бозоровлар ҳам сўзга чиқиб, қонунчиликда белгиланган янги солиқ имтиёзларининг халқимиз учун қулай имкониятлар яратаётганлиги, маҳаллаларда «маҳаллабай» ишлаш тизимининг кенг жорий этилаётганлиги, камерал назорат тизими, савдоларда харид чеки ва кешбек олиш тартиблари хусусида тўхталиб ўтишди.