Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан Навоий вилоятида тизимли ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Судларда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Суд муҳокамаларида даъвогар давлат идора ва ташкилотлари томонидан тадбиркорларга нисбатан киритилган 20 дан ортиқ асоссиз даъво талаблари, хусусан 4 нафар фермер хўжалигининг ер майдонларини захирага олиш бўйича даъво талаблари рад этилиши таъминланди.
Мисол учун, ноҳақ банкрот деб топилиб, банк ҳисоблари ёпилган Хатирчилик фермернинг мақоми қайта тикланиб, далада қолган 19 тонна пахта ҳосили нобуд бўлишининг олди олинди.
Шу билан бирга, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи 10 дан ортиқ тадбиркорларнинг лицензиясини бекор қилиш бўйича даъво талаблари рад этилиб, тадбиркорлик фаолияти тўхтаб қолишининг олди олинди.
Суд қарорлари асосида қарздор давлат идораларига хизмат кўрсатган тадбиркорлар фойдасига 500 млн сўмдан ортиқ қарздорликлар, қўлланилган таъсир чоралар натижасида хўжалик ташкилотларидан 3 млрд сўмдан ортиқ қарздорликлар ундириб берилди.
Судда ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига мухтож бўлган 50 дан ортиқ тадбиркорларга ҳуқуқий ҳимоя ва ёрдам кўрсатилди.
Тадбиркорларнинг таклиф ва эътирозларини бевосита жойларда ўрганиш мақсадида тизимли учрашувлар ташкил этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган VI Очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида вилоятда 2000 дан ортиқ бизнес вакиллари иштирокида 20 дан ортиқ очиқ мулоқот ва қабуллар ўтказилиб, 400 дан ортиқ масалалар кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг салмоқли қисми, яъни 200 дан ортиқ масалалар жойида ҳал этилган бўлса, қолган масалаларни тартибга солиш бўйича ҳуқуқий маълумот берилди.
Тадбиркорлик фаолиятидаги ноқонуний текширувлар ва асоссиз аралашувлар олди олинмоқда, ноқонуний қарорлар ва асоссиз молиявий юкламалар бекор қилинмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятининг дахлсизлигини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти бўйича ўтказилган таҳлиллар натижасида тадбиркорлик фаолиятида 40 дан ортиқ ҳолатда текшириш соҳасида амалдаги қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланди.
Кўрилган тезкор чоралар билан 14 та субъектга қўлланилган 200 млн сўмдан ортиқ ноқонуний жарималар бекор қилинди, 19 нафар масъул ходим маъмурий жавобгарликка, 6 нафари интизомий жавобгарликка тортилди, 2 нафари эса лавозимидан озод этилди.
Бундан ташқари, тадбиркорларга асоссиз ҳисобланган 1 млрд сўмдан ортиқ “нореал” қарздорликлар, 2 млрд сўмдан ортиқ асоссиз солиқ қарздорликлари, 13 та ғайриқонуний қўлланилган маъмурий жарималар Вакил ва унинг девони томонидан киритилган хулоса ва тақдимномалар натижасида бекор қилиниши таъминланди.
Буюртмачи давлат ташкилот ва муассасалаларининг тадбиркорлар олдидаги 2 млрд сўмдан ортиқ қарздорликлари қоплаб берилиши таъминланиб, тадбиркорларнинг мулкий манфаатлари ҳимоя қилинди.
Тадбиркорларнинг инфратузилма билан боғлиқ масалаларига тезкор ечим берилиб келинмоқда. Бевосита аралашувлар натижасида Навоий шаҳридаги 150 дан ортиқ тадбиркор, 1000 дан ортиқ иш ўрнига эга текстиль корхоналарининг инфратузилма билан боғлиқ муаммолари бартараф этилди.
Тадбиркорларни электр энергия таъминотидан узиб қўйиш, таъминот бўйича мавжуд имтиёз ва преференцияларни қўлламаслик ҳолатлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан 9 та мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилиб, тадбиркорларнинг узиб қўйилган электр таъминоти қисқа муддатда қайта тикланиши таъминланди.
“Agro-subsidiya” ахборот тизимидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, Вакил томонидан киритилган хулоса асосида 2025 йилда ижобий хулосага эга 900 дан ортиқ аризалар бўйича 2026 йилда 700 дан ортиқ тадбиркорларга тўланмасдан қолган субсидия маблағлари, шунингдек Республика бўйича 12 мингдан ортиқ аграр соҳа вакилларига 46,2 млрд сўмлик электр энергия субсидияси тўлаб берилиши таъминланди.
Ўтган давр мобайнида 10 та фермер хўжалигига 1 млрд 200 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилишида амалий ёрдам берилди.
Бизнес-омбудсман хулосасига асосан “Yerelektron” ва “E-auksion” тизимлари ўртасида интеграция йўлга қўйилди, вилоятнинг олис ва чўл ҳудудларидаги 1000 дан ортиқ ёшлар учун саноат зоналаридаги ер майдонларини “1 сўм” бошланғич нархда аукционга чиқариш ва юзлаб янги иш ўринларини яратиш имконияти амалда таъминланди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Давлатимиз Раҳбари бошчилигида тадбиркорлик соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бизнес учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Муҳими, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир.
Бу йўлда қўйилаётган ҳар бир амалий қадам ва кўрилаётган чора-тадбирлар жойларда тадбиркорлик фаолиятининг дахлсизлигини таъминлашга, бизнес вакилларининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга ҳамда ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Бекзод Мирзаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний
манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспектори