Жамоатчилик асосида тузилган Кенгаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият юритаётган аёллар таркибидан иборат. Кенгашга жамоатчилик вакиллари ҳам жалб этилган. Ҳуқуқшунос аёлларнинг дастлабки учрашуви вилоят адлия бошқармасида ўтказилиб, унда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда сайлов қонунчилиги тарғиботига оид масалалар муҳокама қилинди.
Маълумотларга қараганда, пандемия даврида бутун дунёда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишлатиш, оилавий низолар ва никоҳни бекор қилиш ҳолатлари ошиб боряпти экан.
— Бу вазият Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтгани йўқ , — дейди Навоий вилоят суди судьяси Гулнафис Худойбердиева. — Хусусан, вилоятда оила низолари билан боғлиқ ишлардан никоҳдан ажратиш тоифаси бўйича жорий йилнинг олти ойлик якуни бўйича 778та фуқаролик ишлари кўриб, мазмунан ҳал қилинган.
Тадбир давомида, оилавий ажримлар билан боғлиқ мавжуд ҳолат инобатга олиниб тажриба сифатида Навоий шаҳридаги 31 та МФЙга ҳуқуқшунос аёлларни бириктириш ва маҳаллалардаги ижтимоий аҳволи оғир, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан якка суҳбатлар ташкил этиш орқали уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ва сайлов жараёнларини белгиланган тартибда ташкил этиш, аҳоли ўртасида сайлов тарғиботини самарали амалга ошириш механизмлари ҳақида сўз юритилди, деб хабар беради Навоий вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.