Навоий шаҳар ИИБ тезкор-қидирув хизмати ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда 2000 йилда туғилган йигит 1,8 грамм гашиш моддасини 600 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.

Терговга қадар текширувларда ушбу моддаларни у 1999 ва 2000 йилларда туғилган, Навоий шаҳрида яшовчи шахслардан олгани маълум бўлди. Кейинги тезкор тадбирларда мазкур шахслардан 8 та ампулада гашиш мойи ва 6 грамм гашиш моддаси аниқланди.

Маълум бўлишича, улар Telegram орқали фаолият юритган бўлиб, гиёҳвандлик моддаларини мижоз билан бевосита учрашмаган ҳолда тарқатиш билан шуғулланган.

Жиноий гуруҳ аъзоларидан бири 2026 йил 4 январда махсус бот орқали гуруҳга қўшилиб, онлайн “дарслар” орқали гиёҳвандлик моддаларини тайёрлаш ва қайта ишлашни ўрганган. Шундан сўнг у ўз яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил этган.

Тезкор тадбирлар давомида улар яширин жойлаштирган манзиллар аниқланиб, у ерларда 2 та ампулада гашиш мойи топилди. Шунингдек, гумонланувчиларнинг уйларида ўтказилган текширувларда 34 дона қадоқланган гашиш, жами 1 кг 477 грамм гиёҳвандлик моддалари ҳамда уларни тайёрлаш ва қадоқлаш учун мўлжалланган жиҳозлар мусодара қилинди.

Аниқланишича, жиноий гуруҳ шу кунга қадар 1000 дан ортиқ манзилга гиёҳвандлик моддаларини жойлаштирган. Шунингдек, улар қиймати 1 млрд 220 млн сўмга тенг бўлган 2,5 кг гашишни тарқатишни режалаштирган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш ишлари давом эттирилмоқда.