Зарафшон шаҳрида мамлакатимиздаги биринчи шамол турбинаси ўрнатилишини нишонлаш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Навоий вилояти ҳокими ўринбосар И.Норимов, Зарафшон шаҳри ҳокими Н.Раҳмонов, Томди тумани ҳокими Қ.Aлдабергенов, «Шамол Зарафшан Энерге» (Масдар) компанияси, Энергетика вазирлиги вакиллари иштирок этди.
Маълумот ўрнида, турбинанинг қуввати 4,7 МВт, баландлиги 97 метр. Шамол турбиналари парракларининг узунлиги 77 метр. Ушбу лойиҳа доирасида жами 111 та шамол турбинаси ўрнатилади.
Ушбу мега лойиҳанинг умумий қиймати 600 млн. долларни ташкил этиб, юз фоиз хорижий инсевтиция ҳисобига амалга оширилмоқда. Шамол электр станцияси қурилишининг биринчи босқичи жорий йил охирида якунига етказилиб, тармоққа уланиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоиз, 2024 йил якунига қадар тўлиқ қувват билан ишга тушириладиган мазкур станцияда йилига 1 млрд 800 млн кВт.соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида йилига 540 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 720 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Шамол электр станциясининг қурилиши давомида 800 тагача ва ишга тушгандан сўнг 30 янги иш ўрни яратилади.