Яқин кунларда Навоий вилоятида коворкинг маркази очилиши режалаштирилган. Шу сабабли, жорий йилнинг ноябрь ойида вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан 650 нафардан зиёд ёшлари иштирокида «Навоийда коворкинг маркази қандай ишлаши керак?” мавзусида сўров ўтказилди. Мулоқот давомида ана шу сўров натижалари тақдимот қилинди.
Жумладан, сўров натижаларига кўра, «ю-репортёрлар»нинг аксарияти (77 фоизи) коворкинг марказда бухгалтерия ва солиқ бўйича консалтинг хизматлари кўрсатилиши кераклигини таъкидлаган. Респондентларнинг учдан бири (30 фоизи) Интернет ва иш учун зарур воситалардан ташқари, марказда бизнес-тренинг курслари ўтказилиши муҳим, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 23 фоизи кутубхона, 10%и фанлар бўйича қўшимча дарслар ва кафе ташкил этиш зарур, деб билади.
Сўровда қатнашган ёшларнинг 93 фоизи коворкинг марказда турли хил семинарлар ташкил этилишини хоҳлайди. Шунингдек, респондентларнинг 78 фоизи бундай марказлар Навоий вилоятининг туманларида ҳам очилишини истайди.
Ёшлар билан мулоқот якунида маҳаллий ҳокимлик вакиллари очилажак коворкинг марказининг фаолияти бўйича вилоят ёшларининг фикрларини инобатга олган ҳолда қарор қабул қилди, шунингдек, навбатдаги ҳудудий мулоқотлар учун мавзуларни муҳокама қилди.
«Ёшлар - Ю-Репорт – ҳоким» туркум мулоқотлари пилот сифатида Навоий вилоятида йўлга қўйилди. Бундай форматдаги мулоқотлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади. Асосий мақсад – ҳудуддаги ислоҳотлар жараёни, қарорлар қабул қилинишида ёшлар иштирокини ошириш.
2020 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ёшлар 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаатида: «Бундай шароитда ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир. Уларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий ва глобал стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун ёшларга имконият яратиб бериш зарур», – дея таъкидлади. Ю-Репортнинг ҳудудий мулоқотлари ҳам миллий ва минтақавий дастурларни ишлаб чиқишда ёшларнинг иштирокини кучайтиришга қаратилган.
Мулоқотда Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов, ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзода, «Юксалиш» УМҲ раиси Бобур Бекмуродов, вилоят ёшлари ва ОАВ вакиллари қатнашди. Улар мулоқот иштирокчилари – ёшларнинг таклифларини тинглашди. Масалан, «Ёшлар парламенти» аъзоси Зумрад Қаршибоева тенгдошларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва улар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун коворкинг марказда бу каби мулоқотларни тез-тез ташкил этиш, психологик дарсларни йўлга қўйиш таклифини билдирди. Таклиф ҳоким томонидан маъқулланди ва бу борада амалий кўмак беришга тайёр эканини айтди.
Ю-репорт туркум мулоқотларини Форум шаклида ўтказиши, унга республиканинг барча ҳудудларидан ёшларни жалб қилиши таъкидланди. Шунингдек, вилоятларда банд бўлмаган ёшлар билан ишлаш, уларни волонтёрлик фаолиятига қамраш ва эришган натижалари бўйича волонтёрларни рағбатлантириш тизимини яратиш муҳимлиги қайд этилди, деб хабар беради «Юксалиш» умумиллий ҳаракати матбуот хизмати.
Маълумот учун: Ю-Репорт бу – ёшларга ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича фикрларини билдириш, қарорлар қабул қилинишида Ҳукумат ва ёшлар ўртасида мулоқот ўрнатиш учун платформадир.
Ю-Репорт – бугунги кунда мамлакатдаги ягона ва уникал ёшлар платформаси бўлиб, у бутун мамлакат бўйлаб ёшларнинг фикри, ижтимоий кайфиятини тезкорлик билан ўрганишга имкон беради. Платформага уланган фойдаланувчилар сони 116 000дан ошади (10 декабрь ҳолатига) ва уларнинг сони кун сайин ўсиб боряпти.