Унда инспекция мутасаддилари билан бирга Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраев, Зарафшон шаҳри ҳокимлиги вакиллари, ўқувчилар ва ота-оналари иштирок этди.
Тадбир давомида ўқувчиларнинг Финляндияда олинган билим ва кўникмалари келгусида мамлакатимиз равнақи ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларида муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирилди.
Ўз навбатида, ўқувчилар мазкур лойиҳанинг илк қалдирғочлари сифатида Финляндияда мамлакатимиз ёшлари номидан таҳсил олиш уларга улкан ишонч ва масъулият бағишлаши ҳамда ушбу яратилган имкониятдан унумли фойдаланиб, келажакда юртимиз ривожига ҳисса қўшадиган малакали кадрлар бўлиш учун астойдил билим олишларини таъкидлашди.
Қайд этиш лозимки, 2020 йилнинг 30 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимизда таълим сифатини ошириш учун Финляндия тажрибаси ўрганиш вазифаси белгиланган эди.
Ўтган давр мобайнида ушбу тажрибаларни мамлакатимиз таълим тизимига жорий этиш бўйича Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Финляндия Республикасининг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Финляндиядаги етакчи экспертлар, олимлар ва инвесторлар билан қатор лойиҳалар амалга оширилди.
Ушбу лойиҳалар доирасида Финляндиянинг Лаппеенранта шаҳри ва Навоий вилояти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Унга кўра, Навоий вилоятидан 9-синф битирувчи ўқувчиларига Финляндиянинг нуфузли академик лицейларида 3 йил давомида таълим олиш имконияти яратилган эди. Мазкур лойиҳа доирасида финляндиялик ўқитувчи Милена Лаҳденпера жорий йилнинг март ойидан бошлаб, навоийлик ўқувчиларга фин тилидан сабоқ берди. Ушбу ўқувчилар орасидан саралаб олинган энг иқтидорли 8 нафар ўқувчига Финляндия таълим муассасаларида ўқишларини давом эттириш имконияти тақдим этилди.
Тадбир якунида ўқувчиларга табрикномалар топширилиб, келгусида Финляндия тажрибасини ўрганиш ва илғор тажрибаларни юртимиз таълим тизимига татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди, дейилади Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати хабарида.