Каминага кўриш, билиш ва суҳбатлашиш бахти насиб этган машҳур замондошларим орасида Ҳамид Сулаймон алоҳида ўрин тутади. 1950 йилнинг ноябрь ойига қадар Тошкент педагогика институтида ёш авлодга хорижий адабиётдан маърузалар ўқиб, уларни Гомер, Сервантес, Шекспир, Гёте сингари буюк ёзувчилар ҳаёти ва ижоди билан таништирган Ҳамид Сулаймоннинг номини бу ажойиб инсон қатағон қилинганидан кейин эшитганман.

Ўрта Осиё давлат университети филология факультети талабаларига хорижий адабиёт фанидан Фозила Сулаймонова деган ёш, билимдон мураббия сабоқ берган. Биз Фозила опанинг шошмасдан, ҳар бир сўзни чертиб-чертиб, орага бирор-бир ортиқча сўзни қўшмай маъруза ўқигани учун ҳурмат қилар эдик.

Аудиторияга қўнғироқ жаранглаши билан доимо хуш кайфиятда кириб келадиган Фозила опа шу куни қўнғироқдан кейин уч-тўрт дақиқа ўтгач, дарсга кўзлари қизарган, руҳан эзилган ҳолда кириб келди.

Маълум бўлишича, мураббиямизнинг турмуш ўртоғи Ҳамид Сулаймон қамоққа олинган экан. Г.Владимиров исмли чекист ва фурмановшунос факультетимиз декани эди. Кейинроқ билишимизча, шу одам ўша кундан бошлабоқ ҳар куни ­Фозила опани хос хонасига чақириб, “Халқ душмани бўлган эрингдан воз кечасан ва шу ҳақда зудлик билан ариза ёзиб берасан”, деб дағдаға қилаверган. Фозила опа: “Турмуш ўртоғим миллатчи ҳам, халқ душмани ҳам эмас. Мен уни яхши биламан. У ҳақиқий ватанпарвар инсон. Мен ундан ҳеч қачон воз кечмайман!”, деб оёқ тираб олган.

Агар керак бўлса, Москвага бориб, турмуш ўртоғимни ҳимоя қилиб оқлашларига эришаман, деган. Лекин Владимиров ўз сўзида қатъий туриб, ­Фозила опани университетдан ҳайдаганми, ҳозир ёдимда йўқ, ҳар ҳолда бизга хорижий адабиётдан бошқа бир поляк мураббияси маъруза ўқий бошлаган. Бизнинг бахтимизга, халқимиз бахтига, кўп ўтмай, Сталиннинг ўзи ҳам борса келмас оламга равона бўлди. Бироқ у бошлаб берган қатағон сиёсати натижасида Сибирдек улкан сургунгоҳнинг гуноҳсиз маҳбусларга тўлиб-тошиб кетгани ҳам маълум бўлди. Бошқа минглаб қурбонлар қатори, Ҳамид Сулаймон ҳам 50-йилларнинг ўрталарида оқланиб, камина хизмат қилаётган Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтига ишга кирди. Ғарб адабиёти бўйича йирик мутахассис бўлган олим қолган умрини Алишер Навоий ҳазратларининг ижодини ўрганишга бағишлаб, енг шимариб ишга киришди.

Олим ҳаётининг дебочаси

Олимнинг отаси Сулаймон Хўжаев ўзбек киносининг асосчиларидан бири бўлган. У 1892 йилда Тошкент шаҳрининг Камолон маҳалласида деҳқон оила­сида туғилган. Отадан уч ёшида етим қолиб, бева онаси Офтоб ойим ва бобоси ­Тошхўжа қўлида тарбияланган. Отасининг она томондан бобоси Нажмиддинхўжа ва тоғаси Эшонҳожи қорилар Кўкалдош мадрасасининг етакчи мударрислари бўлган.

 “Отамнинг тоғаларидан бири, — деб ёзган эди олим, — тошкентлик йирик филолог-шоирлардан Салоҳиддинхўжа “Пир” тахаллуси билан шуҳрат қозонган шоир эди. Салоҳиддин ҳожи Шарафиддин ал-Яздийнинг “Зафарномаи Темурий” асарини ўзбек тилига таржима қилиб нашр эттирган. Мадраса учун араб, форс тилларидан дарсликлар тузган... Отам 1918-1923 йилларда Тошкентда “Беҳбудий” мактабида ўқитувчилик қилган. 1926 йилдан 1934 йил охиригача унинг ўн саккиз йиллик фаолияти ўзбек киноси соҳасида актёрлик ва сценаристлик билан ўтади...”

Сулаймон Хўжаев дастлабки ўзбек овозсиз фильмларининг майдонга келишига этнограф-маслаҳатчи, артист, режиссёр ёрдамчиси, режиссёр ва сценарист сифатида катта ҳисса қўшган. Унинг Жиззах қўзғолонига бағишланган “Тонг олдидан” фильми эса совет киношунослари томонидан Сергей Эйзенштейннинг машҳур “Потёмкин” зирҳкемаси” билан бир қаторда турадиган асар сифатида эътироф қилинган. Аммо Сталин оғзини тўлдириб: “Чор Россияси — халқлар турмаси эди”, деганига қарамай, фильмни кўриб, унинг катта эмоционал-бадиий кучи рус халқига нисбатан нафрат уйғотиши мумкинлигидан чўчиб кетган ва уни ёқиб ташлашни буюрган. Фильмдан омон қолган бир қути лента ва сценарий киношуносларнинг юқоридаги юксак ­фикри тўғри эканлигини тўла тасдиқлайди.

Яна шуни айтиш керакки, Тошкент ўша йилларда катта шаҳар эмас эди. Хўжаевлар уйидан уч-тўрт қадам берида Ғулом Зафарийнинг уйи, уч-тўрт қадам нарида эса Абдулла Қодирийнинг боғи бўлган. Сулаймон Хўжаев уларнинг ҳар иккиси билан қадрдон бўлгани, бир-бирларининг ҳол-аҳволидан бохабар бўлиб тургани учундир улуғ адиб “Ўтган кунлар” романи қаҳрамонларидан бирига Офтоб­ойим исмини берган.

Ҳамид Сулаймон 1927-1932 йилларда отаси билан бирга Москвага бориб, Бутун­иттифоқ давлат кинематография институтида таҳсил олган.

Кино санъатидан адабиётшуносликка

Сулаймон Хўжаев 1934 йили сиёсий арбоб С.Кировнинг душман ўқидан ўлганини эшитиб, кимнингдир ҳузурида: “Ўлган бўлса, ўлипти-да”, деган экан ва шу сўзлари учун қамоққа олиниб, “Средазлаг”нинг “Малик” совхоз-лагерига юборилган ва ўша ерда отиб ташланган. Шу фожиали воқеа Ҳамид Сулаймоннинг — истеъдодли ёш ўзбек кинооператорининг севимли соҳасини тарк этиб, хорижий адабиёт соҳасини танлашига сабаб бўлган.

Ўзбек халқи ХХ асрнинг 20-30-йилларигача Ғарбдаги хорижий адабиётнинг “Илиада”, “Дон Кихот”, “Ҳамлет”, “Фауст” сингари буюк намуналари ва уларнинг буюк муаллифлари билан таниш бўлмаган. Ҳамид Сулаймон ўз ҳаётини ана шу буюк адабиёт тарихини ўрганиб, ёш авлодни шу гўзал ва бой адабиёт билан таништиришдек, унинг машҳур намуналарини ўқиб, бу асарлардаги бадиий латофат ва жозибадан баҳраманд қилишдек муқаддас ишга бағишлаган. У 1935-1950 йилларда Педагогика институтида хорижий адабиётлар кафедрасида дастлаб ўқитувчи, кейин кафедра мудири, Тошкент давлат университетида эса доцент лавозимида хизмат қилиб, хорижий адабиёт бўйича юзлаб ўқитувчилар, таржимонлар ва олимларнинг етишиб чиқишига муносиб ҳисса қўшди.

Иккинчи жаҳон уруши ғалаба билан тугаб, халқ эндигина эркин нафас ола бошлаган йилларда яна сталинчи, ­бериячи, ждановчи жаллодлар бош кўтариб, мамлакатимизда энди космополитизмга — Ғарб маданиятига “сиғиниш”га қарши кураш кампаниясини бошлаб юборган. Ҳамид Сулаймон ҳам Ғарб адабиёти намояндаларига таъзим қилувчи кишилардан бири сифатида айбланиб, бир неча йил қамоқ ва лагернинг заҳарланган тузини тотишга мажбур бўлди.

Улуғ шоир оҳанрабоси

Ҳамид Сулаймон узлатда ўтирганида, агар фалакнинг гардиши билан бу мудҳиш кунлар ўтиб, озодликка эришсам, бутун ҳаётимни ўзбек халқининг улуғ шоири Алишер Навоийнинг адабий меросини ўрганиш, бу мероснинг жаҳон мамлакатларининг кўплаб музей ва кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмалари, китоблари ва уларга ишланган миниатюраларини ўрганиш, нашр этиш ва уларни халққа етказишга бағишлайман, деган қарорга келган эди.

1955 йили озодликка чиққанига қарамай, ҳали расман оқланмаганлиги сабабли бирор жойга ишга қабул қилинмай юрди. Фақат бир йил ўтгандан сўнг­гина Тил ва адабиёт институтига ишга киришга муваффақ бўлди. У ўзи учун янги илмий даргоҳдаги фаолиятининг илк кунларидан бошлаб Навоий асарлари библиографиясини тузиш ва лирик меросини матншунослик фани нуқтаи назаридан ўрганишга жон-жаҳди билан киришди. Қамоқ ва лагерь унинг темир иродасини синдиришга улгурмаган эди. Баланд гавдали, савлатли, ғайрат ва шижоати жўш уриб турадиган Ҳамид Сулаймон уйини ҳам, институтдаги хонасини ҳам турли араб ва лотин ҳарфларида ёзилган китоб ва қўлёзмалар билан тўлдириб ташлаб, эрталаб соат 7 дан тунги 11-12 гача, баъзан эса тонг отгунгга қадар чарчаш нималигини билмай ишлади.

Ўзбек халқи 1948 йилда буюк ўзбек ­шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини улкан миллий байрами сифатида нишонлаган эди. Навоий шахси ва ижодига қизиқишнинг халқаро кўлам ва аҳамият касб этганидан рағбатланган ўзбек навоийшунослари ўз олдиларига улуғ шоир ижодини фундаментал илмий-назарий муаммолар асосида ўрганиш вазифасини қўйдилар.

Ўзбек адабиёти ва маданиятининг чўққиси — Алишер Навоий ижодини ўрганишда янги давр бошланганини сезган Ҳамид Сулаймон “Хазойин ул-маоний” лирик девонлар туркумини бирламчи манбалар асосида ўрганиш ва танқидий матнини яратишдек мушкул, аммо шарафли вазифани елкасига олади.

Натижада у Навоий қўлёзмалари библиографиясини тузишдан ташқари (1947), “Бадое ул-бидоя” ва “Наводир ун-ниҳоя” девонлари қўлёзмаларини топиб (1959), “Хазойин ул-маоний”нинг муҳташам илмий-танқидий нашрини амалга оширди. “Девони Фоний”нинг қўлёзма нусхаларини Франциядан топиб келиб, уни фото нусхалари асосида нашр этди. Олим Ғарб ва Шарқ мамлакатларидаги нодир қўл­ёзмалар сақланаётган хазиналар эшигини очиш “сир”ини билиб олган эди.

Изланишлар, машаққатлар, бедор ўтган тунлар туфайли Ҳамид Сулаймон “Хазойин ул-маоний”нинг 1-жилди — “Ғаройиб ус-сиғар”ни 1959 йили, 2-жилди — “Наводир уш-шабоб”ни 1960 йили, 3-жилди — “Бадое ул-васат”ни 1961 йили, ке­йин эса 4-жилди — “Фавойид ул-кибар”ни босмадан чиқарди. Навоий лирикаси бу тўрт жилдлик муҳташам нашрнинг босмадан чиқиши 60-йиллардаги Ўзбекистоннинг илмий-маданий ҳаётидаги энг катта воқелик эди.

1961 йили, ҳали девоннинг 4-жилди чиқиб улгурмасдан Ҳамид Сулаймон ­Навоий лирикасининг текстологик тадқиқотини диссертация сифатида ҳимоя қилиб, филология фанлари доктори деган шарафли унвонга муяссар бўлди. Ҳамид Сулаймон бу илмий ва ижодий меҳнатлари билан Алишер Навоий ҳазратлари шарафига муҳташам ҳайкал ўрнатгандек бўлди.

Хуллас, 60-йилларда Алишер ­Навоий ижодини ўрганиш, асарларини ўзбек, рус ва бошқа тилларда нашр этиш ишлари шу қадар шиддат билан амалга оширилдики, давр академиянинг Тил ва адабиёт институти қошидаги Адабиёт музейини бутунлай қайта қуришни тақозо қилди. Бундай улкан ишни юртимизда фақат битта одам, фақат битта олим амалга ошириши мумкин эди. Мамлакатимизнинг ўша йиллардаги раҳбари бу ўта масъ­улиятли ва шарафли ишни ўша битта одам ва ўша битта олим — ­Ҳамид Сулаймонга топширди ва Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани олдида Алишер Навоий ҳайкали савлат тўкиб турган кошонани янги барпо этилажак Адабиёт музейига ажратиб берди.

Адабиёт музейининг барпо этилиши

Ҳамид Сулаймон музейга директор этиб тайинланиши билан атрофига навоий­шунос олимлар, қурувчилар, инженерлар, рассомлар, фотографлар ва бошқа соҳа вакилларини тўплади. Шу кундан бошлаб Ҳамид Сулаймон раҳбарлигида ишлай бошлаган кишилар ҳафтада шанба ва якшанба кунлари ҳам борлигини унутишди. Ҳатто Москва ва Санкт-Петербургдан келган рассом, ҳайкалтарош ва музейшунослар ҳам музей битиб ишга тушмагунича уйларидаги девордан кулиб турган календарларга ҳам қарамайдиган бўлди.

Ҳамид Сулаймон тузган гуруҳлардан бири рассом ва ҳайкалтарошлардан иборат  эди.

“Мен Москвада ўқиб, таътилга келган кунларим эди, — ҳикоя қилади Ўзбекис­тон халқ рассоми Алишер Мирзаев. — Ўшанда устозим Чингиз Аҳмаровнинг тавсиясига кўра, мен билан дўстим Жавлон Умарбековни Ҳамид Сулаймон йўқлаган эди. У кишининг олдига кирган заҳотимиз домла гапнинг индаллосига ўтиб, дабдурустдан: “Ўғилларим, ўзбек халқига, Ватанга хизмат қилишга тайёрмисизлар? — деб қолди.

Биз: “Тайёрмиз!” — деб жавоб бердик. “Бўлмаса, музей учун “Алпомиш” достонидан тортиб Қодирийгача бўлган адабий жараёнларни тасвирлаб берасизлар”, — деди ва столдаги тугмачани босди. Шунда у кишининг ҳузурига қўлида блокнот ва қалам кўтариб Эргаш ака Умаров кириб келди. Домла Умаровга: “Ёзинг!” — деди. — “Бу икки келажаги порлоқ ёш мусаввир халқига, Ватанига хизматга тайёр. Шу муносабат билан музейнинг катта залларидан бири мусаввирлар учун устахона сифатида жиҳозлансин!”. Сўнгра ўша кўтаринки руҳда кўрсатма беришда давом этдилар: “30-хона бўшатилсин! Деразаларга фалон рангли пардалар осилсин. 2 та стол, 2 та кресло ва 10 дона стул ажратилсин. 2 та чойнак ва 10 та пиёла берилсин!” Қавсда ёзинг: “пахта гулли бўлсин. 2 та вентилятор ҳам ажратилсин!”

Эртасига эрталаб 30-хонага кирсам, домланинг кечаги буйруғи бекаму бекўст бажарилган. Устахона, у киши айтганларидек жиҳозланган. Бир пайт устахонага домла салобат билан кириб келиб, Жавлонга Бобораҳим Машрабнинг Балҳ шаҳрида қатл этилиши, менга эса Самарқанднинг Регистон майдонидаги 3 та мадрасани чизиб беришни топширди. Шу тариқа биз домла Ҳамид Сулаймон раҳбарлигида музейдаги ижодимизни бошладик...”

Ҳамид Сулаймон нафақат катта олим, балки катта ташкилотчи ҳам эди. Шунинг учун ҳам у 1967 йилда, қисқа муддатда, Тошкентда Европадаги адабиёт музейларини эслатадиган, Ўзбекистон учун эса ноёб ва муҳташам бир музейни яратди. Кўп ўтмай, музейнинг Қўқон ва Андижон филиаллари майдонга келишида бош-қош бўлди. Олим  бу музейлар учун ўзбек мумтоз ва замонавий ёзувчилари портретларининг яратилиш ишини, адабий асарлар ёки шу асарлардаги бирор аҳамиятли воқеа тасвирини яратиш билан рассомлар ўртасидаги ижодий алоқанинг мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшди.

Дурдоналар изидан...

Маълумки, музей фақат экспозициядангина иборат бўлмайди. Унинг қошида кутубхона, фонд, экспозициядаги фото, расм, ҳужжат каби буюмларнинг фотонусхалари, шунингдек, музей ходимлари ёзган илмий-оммабоп рисола ва китоб­лар сотиладиган киоск ҳам бўлиши лозим.

Бундан ҳам муҳими шуки, музей ходимлари муайян режа асосида Ғарб ва Шарқ мамлакатларига бориб, ўша ердаги музей ва кутубхона фондларида сақланаётган ўзбек халқи тарихи, тили, адабиёти ва маданияти тарихига оид қадимий ноёб манбаларни топиб, улардан нусха ёки фото нусхаларни олиб келиб ўрганишлари, нашр этишлари ва экспозицияни вақти-вақти билан янгилаб туриш­лари лозим.

Ҳамид Сулаймон қанчалик машаққатли бўлишига қарамай, шу мақсадда Шарқ ва Ғарбнинг бир неча мамлакатларидаги музей ва кутубхоналарга бориб, ўзбек маданиятининг олис замонларда олимлар ва сайёҳлар томонидан олиб кетилган ёзма обидаларини ахтариш, топиш ва имкон бўлса, улардан фотонусхалар олиб келиб, миллий маданиятимиз хазинасини бойитиш ишига катта масъулият билан қаради.

Қўлёзмалар институтининг бунёд этилиши

Ҳар бир мамлакатнинг маданий хазинасида нима бор, нима йўқлигини билишнинг ўзи учун ҳам камида уч-тўрт ой талаб этилади. Ҳамид Сулаймон бундай илмий сафарларга бир ўзи эмас, балки ёнида адабиётшунос рафиқаси Фозила Сулаймоновани, унинг ёнида, катта ва кичик ёшдаги олим ва олималарни ҳам олиб борарди.

Бундай катта илмий гуруҳнинг хорижий сафарлари давлатдан мўмайгина маблағ ажратишни талаб қиларди. Бу муаммони ҳал қилиш, айниқса, совет даврида осон бўлмаган. Бунинг учун ­Ҳамид Сулаймон, В.Г.Белинский ёзганидек, “керак бўлса, хўроз бўлиб қичқиришга, бўри бўлиб увуллашга, тулки бўлиб думини ликиллатиш”га ҳам тайёр бўлган.

Холида Аҳророва шундай сафарлардан бири ҳақида ёзган эди: “1975 йили Ҳиндистонга қилган ижодий сафари ҳам муваффақиятли бўлган. Домла шогирдлари Саидбек Ҳасан билан биргаликда Деҳли, Агра, Сринагар, Алигарх, Бомбей, Лакнау, Ҳайдаробод шаҳарларидаги китоб жамғармаларини ўрганиб, унда Фирдавсий, Саъдий, Низомий, Ҳофиз, Бобур, Комрон асарлари нусхалари кўплигини, аммо Алишер Навоий асарлари йўқлигини аниқладилар...”

Ҳамид Сулаймон шу илмий сафари чоғида Навоий асарларини топишга муваффақ бўлмаган эса-да, у унвон саҳифасига “Девони Ҳофизи ба забони туркий” деб ёзилган, шу вақтга қадар фанга номаълум бўлган Ҳофиз Шерозий деган шоирнинг девонини топган, шу фактнинг ёлғиз ўзиёқ сафарнинг ўта самарали бўлганини тасдиқловчи қувончли воқеа эди...

Ана шундай илмий сафарлар натижасида тўпланган ноёб қўлёзмалар Ўзбекис­тон Фанлар академияси қошида Қўлёзмалар институтини ташкил этишни тақозо этди ва 1978 йилда академиянинг гуманитар институтлари сафи яна бир институт — Қўлёзмалар институти билан бойиди.

Ҳамид Сулаймон шу институтга директор этиб тайинланди. Хаёли минг хил ғоялар билан банд олим институтнинг “Адабиёт кўзгуси” деган журналини чоп эта бошлади. Бундай илмий сафарларнинг аҳамияти фақат олиб келинган қўл­ёзма ва фотонусхаларнинг қиммати билангина белгиланмайди. Шу муборак қўлёзмаларни қўлига ушлаб, варақлаган киши камида ХIV-ХV асрларда яшаган шоирлар ва котибларни ғойибона кўргандек бўлади, маданий ўтмишдан етиб келаётган сеҳрли нурлар ва садолар оламида сархуш бўлиб қолади.

Тил ва адабиёт институтининг бошқа бўлимида ишлаган шоир ва олим Анисий домла бир куни бўлимдошлари билан бирга Ленинград шаҳрига бориши керак эди. Нима учундир оёғи тортмади. Бир томони — кексайиб қолган, иккинчи томони — Ленинграднинг одамни чаёндек чақувчи қиши... Хизматдошлари уни кутиб, самолёт билетини куйдириб қўймасликлари учун йўлга чиқади. Ленинградга борганининг иккинчими-учинчи куни дўстларидан бирига бундай хат ёзади:

“...Қори ака, мен Ленинградга келишни у қадар кўнгилдан хоҳлаганим йўқ эди, лекин насиб бўлса, хоҳлар-хоҳламас бўлаверар экан. Бу ерларга насибам қўшилганига ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Аммо жуда хурсандман, чунки бу шаҳарни кўрмасак, армонда қолар эканмиз. Шаҳар ободонлик, фаровонлик жиҳатдан ғоят юксак даражада гўзаллик касб этган. Гўшт, ёғ, нон — қайси хилини истасангиз хоҳлаганингизча оласиз, саноат молларининг ҳам барча хили топилади. Биз ишлаётган кутубхонада
4 миллион нусха китоб бор экан, ҳар кун 1000 киши кириб, ўн минг китоб олиб ўқилиб, яна жойига қўйилар экан. Бу иш баҳонаси билан ажойиб нодир асарларни кўздан кечирмоқдамизки, ёзиб тугатиб бўлмайди. Машҳур қиблат-ул куттоб Султонали Машҳадий, Мирали, Мир Амир ва бошқа хаттотларнинг ёзган асарлари, Навоий ўзи кўзидан ўтказган девон ва хамсалар, уларга берилган нақш-нигорлар шундай сақланганки, бу кунгача ўзининг назокат ва латофатини йўқотган эмас...

  Салом билан Абдулаҳад (Анисий).

7.06.64”.

Сўнгсўз ўрнида

1978 йил 25 январда ХХ аср ўзбек шеъриятининг карвонбошиларидан бири ­Миртемир оламдан ўтди. Орадан бир неча кун ўтгач, мусулмон урфи бўйича марҳум вафотининг йигирмаси ўтказилиб, шоирнинг укаси Мирсаид ака номидан ош берилди. Қиш, совуқ, сирғончиқ... Шунга қарамай, кўп одам йиғилди.

Ҳамид Сулаймонни касал деб эшитган эдим. Қамоқ ва лагердан орттирган радикулити қўзғаб қолган эди. Аммо у нафақат улуғ шоир, балки, аввало, тақдирдоши бўлганлиги учун ҳам хасталигига қарамай келиб қолди. Улкан қайрағоч қандай эгилиб қолган бўлса, Ҳамид Сулаймон ҳам шундай ғариб бир ҳолатда эди. Лекин у, забардаст олимгина эмас, юксак фазилатли инсон ҳам эди. Миртемир хотирасига уйида тиловат қилибгина қўймай, маросим куни хонадонига келиб, дўстининг хотираси олдидаги бурчини тўла адо эта билди.

Шу куни забардаст олим ва инсонни, агар хотирам панд бермаган бўлса, ­сўнгги бор кўриб қолган эдим. У букчайиб машинаси сари... Йўқ, йўқ... абадият сари ­кетаётган эди...

Наим КАРИМОВ,

академик