Мулоқот давомида икки вилоят ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган “Йўл харитаси” кўриб чиқилди.
Шавкатжон Абдураззақов қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, саноат ва текстиль соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида урғу берди. Жорий йил март ойида, Наврўз байрами кунлари Наманганда икки вилоят тадбиркорларининг бизнес-форумини ўтказишни таклиф қилди. Ушбу таклиф ваколатли вакил томонидан мамнуният билан қабул қилинди.
Ўз навбатида, Абдусаттор Сиргабаев “Наманган — Жалолобод” йўналишида транспорт қатновини йўлга қўйиш, кўмир ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона очиш, вилоятнинг Сафед-Булон, Саричелак, Арслонбоб каби туристик манзилларига наманганлик сайёҳларни жалб этиш бўйича таклифларни илгари сурди.
Икки вилоят раҳбарлари Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи арафасида ўзаро алоқаларнинг барча жиҳатларини яна бир бор кўриб чиқиш бўйича келишиб олди.