Қантар оғиб, чўпоннинг елкасига офтоб тегди. Оппоқ қор билан қопланган тепаликларда эрув бошланди. Ер қизиб, тафти самога кўтарилмоқда. Аллақачон қўзилаб бўлган сурувини бойчечак бўй кўрсатган кенг қирларга ҳайдашга шошилган қўйчивон чорванинг йили келганидан мамнун. Таёғига суянганча баракани чамалаб кўради. Ўзича сарҳисобидан таскин топади. Кўнгли офтобда эриган қор каби юмшаб, қизиган тош устига бир зум ўтиради. Онасининг ортидан эргашаётган эгиз қўзичоқларга қараб дили яйрайди. Қўйнига солиб юрган, бобосидан қолган чанқовузни олиб, лабига теккизади. Ўзича чалмоққа шайланади. Сознинг овози бир оз ўхшамайроқ чиқади. Ўтган йилги кўкламдан бери қўлига олмаганди. Озгина ёдидан кўтарилибди. Ясқоқ тошга ўрнашиб олиб, бошқатдан уринади.

Биёв-биёв, деган сас янграй бошлайди. Оҳанг бошида бир оз пастлаб, кейин кўтарилади. Атрофга ўзгача куй таралади. Бу наводан адирнинг кун тегиш томонидаги қоянинг қори эриб, эндигина бағрига иссиқлик теккани қоқиўт сергак тортган каби бош кўтаради. Майин шаббоданинг таъсириданми ёки чанқовуз овозига ҳамоҳангми, тебраниб, рақсга тушган бўлади. Ҳув нарида бия ортидан эргашиб юрган, ҳали туғилганига кўп бўлмаган саман тойчоқ бу оҳангни илк бор эшитаётган бўлса керак, қулоқларини диккайтирганча жим қараб қолади. Балки қулоғига майин ёқаётгандир.

Бир-бирининг пинжига тиқилиб турган икки жуфт тошбулбул ҳам ҳаракатга тушиб қолади. Майин наво қайдан келаётганига қизиқиб, катта тош устига қаторлашиб қўниб олади. Шу пайтга қадар қуриб қолган каклик кўзидеккина чашма ҳам ҳаракатга тушади. Ундан зилолдек сув сизиб чиқиб, пастлик томон оқа бошлайди. Шошаётган жилғага қўшилиб, сой томон қуйилади. Шарқираган овоз чиқариб, гўёки чўпонга жўр бўлади. Даракчи қушлар парвоз қилиб, қўшиқ айтишга тушади. Бутун борлиқ уйғона бошлайди. ­Демак, баҳор кириб келмоқда.

Аслида, илк кўкламни чорвадорлар қарши олиб, кейин навбат деҳқонларга ўтади. Қўлига кетмон олиб ишга киришган миришкорлар об-ҳаво яхши бўлишидан умидвор бўлиб ерга уруғ сочади. Йил баракали бўлишини тилаб кексалар дуога қўл очади. Нуронийлар қўлига бир дона бўлса-да, ниҳол олиб экишни бошлаб беради.

Уйғониш фасли жамики жонзотни ҳаракатга келтиради. Далаларда иш, қизғин ҳаёт бошланади. Қайсидир маҳаллада ҳашар уюштирилади. Ҳовлилардаги дарахтлар оқланиб, таги юмшатилади. Хотин-қизлар дошқозон ўрнатиб, сумалак пиширишни бош­лаб юборади. Қўлига урчуқ олган момолар кўкламга кўрпача солиб, ўтмиш лапарларидан хиргойи қилишга киришади. Жамалак таққан қизалоқлар момоси қўлидаги урчуқнинг айланишига маҳлиё бўлади. Қўлига токқайчи олган бобо набирасини етаклаганча боғ оралайди. Бўй кўрсатган қоқиўт, момоқаймоқларни олиб: “Омонлик, омонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик”, дея етказганига шукрона айтади. Мўйсафиднинг ҳаракатига ҳайрат-ла тикилиб, кўзлари порлаб турган болакайга бобо ривоятлар айтади. Бу каби манзара ҳар бир хонадонда, ҳар бир далада такрор бўлади. Хуллас, ҳадемай ёшариш айёми — Наврўз кириб келади. Янги кунга яхши ниятлар ила ҳозирлик кўриш лозим.

Кўкдала туманидаги Чиял аҳли ҳар йилги Наврўзни ўзгача кутиб олади. Ҳудуд анъанасига кўра, баҳор байрамини ўтказишни қиш­лоқдаги мактабни қайсидир йили битирган синфдошлар ўз зиммасига олади. Дастлаб оқсоқоллар олдидан ўтиб, розилик сўрашади. Режалари асосида қилинадиган хайр­ли ташаббуслари ҳақида батафсил айтиб ўтишади. Шундан сўнг кейинги йил байрам ташкилотчилари — мисол учун, 1987 йил туғилган синфдош йигитлар экани эълон қилинади. Ўз зиммасига каттагина масъулиятни олган синфдошлар шу куннинг ­эртасигаёқ ишга киришади. Энг муҳими, уларнинг ўз ниятларига кўра, қишлоқда яхшигина ободончилик бошланади. Яъни кейинги Наврўзга қадар ўз ҳисобларидан муайян маблағ йиғишиб, ҳомийлик ҳисобидан кўприк ёки йўлга асфальт ётқизишади. Ўзлари таҳсил олган мактабга китоб совға қилишади. Ўқув биносини таъмирлаб беришади.

Жорий йилда ҳам Чиялда анчагина катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, айни кунларда қишлоқ болалари мактабга қатнаши учун пиёдалар йўлакчалари барпо этилмоқда.

— Чиялда ҳозир 12 та маҳалла мавжуд, — дейди ҳудуд фаоли Алламурод Келдиев. — Шундай бўлса-да, ҳар бир маҳаллада удум мавжуд. Бунинг натижасида қишлоқларимиз обод масканга айланмоқда. Йўлларимиз яхшиланиб, муаммолар бартараф этилмоқда. Ёшларнинг бу хайрли ташаббуси ортидан камбағал оилалар бандлиги таъминланиб, фаровонликка қадам ташлашига шароит яратилмоқда. Айниқса, олийгоҳларда таълим олаётган, имконияти етмаётган айрим талабаларга контракт пулларини тўлаб беришда катта кўмак берилмоқда. Бундан ташқари, мактабларимизнинг аҳволи анча яхшиланмоқда. Кутубхоналаримиз китобга тўлмоқда.

Қишлоқ оқсоқолларининг айтишича, собиқ синфдош йигитлар ҳар бир маҳалла аҳлини бириктириб, ўз ҳисобидан Наврўз сайлини ташкил этади. Байрам олдидан ёшлар ўртасида волейбол, футбол, миллий кураш, арқон тортиш, тош кўтариш каби спорт мусобақалари ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланиб борилади. Яна бир жиҳати, спорт беллашувларида нафақат ёшлар, балки ёши катталарнинг иштироки ҳам таъминланиб, тадбирнинг қизиқарли ўтишига имконият яратилади.

Чиялда ўттиз йилдан кўпроқ вақт мобайнида шаклланган ушбу эзгу анъанани бошқа жойда учратиш мушкул. Агар сарҳисоб қилинадиган бўлса, ўтган йиллар давомида айнан ушбу ташаббус ортидан ҳудудда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди. Масалан, шу пайтга қадар қиш­лоқлар ўртасидаги мавсумда тўлиб оқадиган Қумдарёдан баҳор пайтларида ўтиш мушкул бўлиб келган. Айниқса, ўқувчилар мактабга қатнаши анчагина қийинлашиб қолганди. Бу муаммони бартараф этиш учун аҳоли “кимдир қилиб берар” қабилида иш тутмай, ҳашарни бошлаб юборган. Бунда айнан Наврўз ташкилотчилари асосий ҳомийлик қилишган. Натижада кейинги беш-олти йилда уч-тўртта кўприк барпо этилди. Узоқ йиллик ташвиш ариди. Ўқувчиларнинг узоғи яқин бўлди.

— Бу анъана навбати билан алмашиб бораверади, — дейди Қумдарё маҳалласи раиси Ўктам Соипов. — Бу йил бизда 1984 йилда туғилган синфдош йигитлар байрам тадбирларига бош бўлмоқда. Барака топсин. Ҳозирга қадар маҳалламизнинг ички кўчаси ёнидан 3 километр пиёдалар йўлаги қуриб беришди. Илгари болаларимиз мактабга катта асфальт йўлдан борарди. Машиналар ҳаракатланишига мўлжалланган йўлдан юриш анча хавфли. Ота-оналарнинг хавотири ортиб, фарзандлари уйга қайтгунга қадар кўчага термулиб ўтирарди. Ҳозир текис йўлакдан бемалол бориб келишмоқда. Шу билан бирга, қуёш нуридан қувват оладиган кўча чироқлари ҳам ўрнатиб беришди. Бунинг эвазига йўлларимиз чароғон бўлди. Ўтган йилги ташаббускорлар кўприк қуриб берганди. Ундан аввалги йилда мактабимизда артезиан қудуғи ковланиб, ичимлик сув билан таъминланди. Айнан ­Наврўз байрами баҳона ҳар йили янгиликларга қўл урилмоқда. Манзилимиз обод масканга айланмоқда.

Хайрли ташаббус шу ҳудудда жойлашган “Чувуллоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кенг тарқалган. Маҳалла нуронийларининг айтишича, синфдош йигитлар ташаббуси билан жорий йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга катта ёрдам берилган. Шу билан бирга, Наврўз ўтказишни зиммасига олган йигитлар ўзлари таҳсил олган мактаб кутубхонасига бадиий адабиётлар совға қилишган. Ўтган йиллар давомида бу каби ишларнинг санаб адоғига етиб бўлмайди.

— Азалдан янгиланиш айёми ўзгача кутиб олинган, — дейди “Тўқмор” МФЙ раиси Шерали Мирзаев. — Наврўз халқимиз учун энг эъзозли байрамлардан бири. Бунга доим алоҳида тайёргарлик кўрилган. Ота-боболаримиз тозаликка эътиборни, аввало, ҳовлисидан бошлаган. Шундан сўнг кўчалар озода қилинган. Ҳашарлар ўтказилиб, жойларга дарахтлар ўтқазилган. Беморлар ҳолидан хабардор бўлишган. Кексаларнинг дуоси олинган. Бу удум бугун ҳам давом этиб келаётгани қувонарли. Адашмасам, бизда илк бор 1996 йилда синфдош йигитлар ташаббуси билан Наврўз ўтказиш бошланганди. Шундан бери ҳар йили шу тариқа ўтказиб келинади. Ҳозиргача бу ташаббус ортидан қишлоғимизга янги спорт майдончаси барпо этилди. Ички йўлимизнинг 1 километр қисми асфальт қилинди. Икки километр йўлга шағал ётқизилди. Бундан ташқари, 68-умумтаълим мактабимизга қудуқ қаздирилди. Ҳар йили юздан зиёд дарахт кўчати экиб беришади.

Бошқа жойлардагидан фарқли ўлароқ, бу манзилда “Наврўз солномаси” китоби ҳам жорий этилган. Мазкур китобга 1996 йилдан бери синфдош йигитлар томонидан ҳар йили Наврўз арафасида қилинган ишлар қайд қилиб борилади. Китобни варақларканмиз, ҳеч бир саҳифасида бўш жой йўқлигига гувоҳ бўлдик. Қайдномалар кейинги йилларда янада кенгайганини кўриш мумкин. Ушбу солномада яхши ном қолдириш маҳалла ёшлари учун катта шараф.

Айтишларича, кейинги йилларда Чиял анъанаси воҳа бўйлаб кенг тарқала бошлаган. Бунинг эвазига Наврўз байрами тантаналари жойларда янада қадриятларга бой, миллий урф-одатлар асосида ўтмоқда. Бу эса нафақат ҳудудлар ободлигига, балки кўнгиллар нурафшонлигига ҳам сабаб бўлмоқда. Бу каби хайрли ташаббуслар янада қулоч ёзса, баҳор айёми ҳар бир манзилда янада гўзал бўлиши шубҳасиз. 

Акбар РАҲМОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири