“Ўзбекгидроэнерго” АЖ тасарруфидаги “Энергетиклар сиҳатгоҳи”да Жамият Ахборот хизмати ташаббуси билан тизим корхона ва ташкилотларининг расмий веб-сайт ҳамда ижтимоий тармоқларга масъул ходимлари учун ўқув-амалий семинари ўтказилди.
Семинар иштирокчиларига икки кун давомида соҳа мутахассислари ҳамда энергетика тизими соҳавий ташкилотлари вакиллари томонидан махсус маърузалар ёрдамида амалий машғулотлар ўтказилди.
Тадбирда маърузачи сифатида иштирок этган олий тоифадаги журналист, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети доценти М. Саидова, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети катта ўқитувчиси О. Норов томонидан ахборот тизими, соҳани ташкил этувчи асосий омиллар ва мезонлар, ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим жиҳатлари, журналистика тарихи ва замонавий тенденциялари, асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ОАВ турлари ва аудиторияси, матн билан ишлаш жараёнидаги асосий хусусиятлар, материалнинг моҳиятини ифодалашнинг тузилмавий қисмлари, асосий мезон ва тамойиллар, объективлик ва аниқлик, тезкорлик ва умумий қамровга эътибор қаратиш бўйича интерактив шаклда ўқув-амалий машғулотлар ўтказилди.
Ҳар бир маъруза якунида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизим корхона ва ташкилотларидан семинарга ташриф буюрган масъул ходимлар билан жонли мулоқот шаклидаги савол-жавоблар ўтказилди, уларни қизиқтирган саволларга назарий-амалий мазмундаги жавоблар қайтарилди.
Шунингдек, ўқув-амалий семинар давомида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизим корхона ва ташкилотларининг расмий веб-сайт ҳамда ижтимоий тармоқларга масъул ходимларига PR-технологиялар, ОАВларида PR-технологияларини қўллаш, ташкилот имиджини оширишда эътиборга молик чора-тадбирлар, медиа маконда ишлаш, провокацион саволларга ҳозиржавоблик, ижтимоий тармоқларнинг аҳамияти ва улардан самарали фойдаланиш, баёнот бериш тартиби ва ишончлилик даражасини юксалтириш, ташкилот веб-сайти ва телеграм канали дизайнини яратиш ҳамда жозибадорлигини ошириш, маълумотлар тайёрлашда материалларнинг ажралмас қисми ҳисобланган фотосуратларнинг сифати, мавзу моҳиятини очиб бериши ҳамда ракурслари бўйича зарурий назарий билимлар ҳамда амалий тавсиялар берилди.
Семинар ишида қатнашган олий тоифали медиатренер, филология фанлари номзоди, доцент Наргис Қосимова ўзининг интерактив шаклдаги тақдимотлари билан иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди.