Бу ҳақда Инспекция ахборот хизмати маълум қилди.
Текширув давомида «П.М.С.А» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган синтетик кир ювиш воситаси таҳлил қилинди. Олиб борилган лаборатория таҳлиллари натижасида ушбу маҳсулот белгиланган талаб ва меъёрларга мос келмаслиги ҳамда мувофиқлик сертификатига эга эмаслиги аниқланди.
Бундан ташқари, маҳсулот тамғасида қонунчиликка зид равишда мувофиқлик белгиси (сертификат белгиси) қўллангани қайд этилди. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида«ги Қонунининг 28 ва 29-моддалари талаблари бузилишига олиб келади.
Ушбу қоидабузарлик юзасидан савдо нуқтасига мазкур сифатсиз синтетик кир ювиш воситасини савдодан олиб ташлаш бўйича расмий тақдимнома киритилди.
"Агар сиз савдо расталарида сифатига шубҳа уйғотадиган маҳсулотларга дуч келсангиз, унинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишга тўлиқ ҳуқуқингиз бор. Бу — қонун билан кафолатланган истеъмолчи ҳуқуқингиз ҳисобланади.
Шунингдек, сифати шубҳали маҳсулотлар бўйича мурожаатларингизни 1880 қисқа рақами орқали Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига етказишингиз мумкин" — дейилади хабарда.