Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз« АЖ Ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Жамият бошқарув раиси А. Сангинов раислигида нефть базалари раҳбарлари ва масъул мутахассислар иштирокида танқидий-ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда 2025 йил давомида бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, тизимда йиғилиб қолган муаммолар очиқ муҳокама қилинди ҳамда 2026 йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда нефть базалари фаолиятини барқарорлаштириш, молиявий ва бошқарув интизомини кучайтириш, мавжуд активлардан оқилона фойдаланиш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва иш ҳақларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Аҳолига хизмат кўрсатишда шаффофлик, ҳалоллик ва очиқлик принципларига қатъий риоя этиш, сифатли нефть маҳсулотларини узлуксиз ва барқарор етказиб бериш нефть базалари фаолиятининг асосий мезони бўлиши шартлиги таъкидланди.

Таҳлиллар натижасида нефть базаларининг жорий ҳолати қониқарсиз экани, маҳсулот сотиш жараёнларида самарали ва очиқ механизмлар йўлга қўйилмагани қайд этилди. Айниқса, 2025 йил давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи олдидаги қарздорликнинг кескин ошгани, ходимлар фаолияти устидан назорат етарли даражада таъминланмагани жиддий танқид остига олинди.

Маълум бўлишича, нефть маҳсулотларининг олдиндан тўловсиз етказиб берилиши оқибатида 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра истеъмолчиларнинг нефть базалари олдидаги қарзи 322,5 млрд сўмга етган. Ушбу сумманинг 243,2 млрд сўми ёки 75 фоизи қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келади.

Аслида бундай тартибда маҳсулот реализация қилиш мумкин эмаслигига қарамасдан, қарздорликни ундириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмаган. Энг ташвишли жиҳати — қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилган қарзнинг 158 млрд сўми, яъни 65 фоизи умидсиз қарз сифатида баҳоланмоқда.

Олиб борилган ўрганишлар якунига кўра, йил давомида жиддий камчиликларга йўл қўйган Термиз, Жиззах, Мароқанд, Кучлик ва Тўрақўрғон нефть базалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, кўплаб нефть базаларида мавжуд сиғимлар тўлиқ ишлатилмаётгани, айрим объектлар фаолиятсиз ҳолда тургани сабабли ортиқча харажатлар юзага келаётгани ва бу ҳолат молиявий натижаларга салбий таъсир кўрсатаётгани танқид қилинди. Ер участкаларини консервация қилиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Раҳбарларнинг қўшимча даромад манбаларини яратишда ташаббускорлик кўрсатмагани, боқимандалик кайфияти сақланиб қолаётгани ҳам салбий ҳолат сифатида баҳоланди.

Талон-тарожлик ва қонунбузарликларни камайтириш мақсадида соҳада рақамлаштириш бўйича хорижий илғор тажрибаларни ўрганиб, миллий моделни жорий этиш таклифи илгари сурилди. Рақамли назоратни жорий этиш ягона самарали ечим экани таъкидланиб, 2026 йилга мўлжалланган автоматлаштириш ва барча нефть базаларини Жамиятнинг Марказий диспетчерлик хизматига интеграция қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Бундан ташқари, нефть базаларида комплаенс хизматлари фаолияти ҳам қониқарсиз деб топилди. Энди ходимларнинг KPI кўрсаткичлари аниқланган камчиликлардан келиб чиқиб белгиланади.

Юзага келган ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, «Долзарб 100 кунлик» чора-тадбирлар доирасида нефть базаларида «фавқулодда ҳолат» эълон қилинди. Уларни соғломлаштиришга қаратилган кечиктириб бўлмас комплекс дастур ишлаб чиқилиши белгиланди. Унда талон-тарожликка барҳам бериш, солиқ юкини камайтириш, маҳсулот реализациясини ошириш ва дебитор қарздорликни қисқартириш асосий вазифалар сифатида белгилаб олинди.

Белгиланган чора-тадбирларнинг пировард мақсади — ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, иш ҳақларини ошириш орқали ҳалол меҳнатга рағбат уйғотиш ва «ҳалоллик вакцинаси»ни амалиётга татбиқ этишдан иборат. Сифатли маҳсулот етказиб бериш ҳар бир ходимнинг шахсий масъулиятига айланиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.