Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев “АБС Оққўрғон агро кластер" пахта-тўқимачилик кластери фаолиятига оид тақдимот билан танишди.

Учрашувда мазкур кластер таъсисчиси Зафар Каримов хўжалик фаолияти юзасидан атрофлича маълумот берди.

Хусусан, кластер тасарруфидаги ерларда 2021 йилги пахта мавсумида 45 та пахта териш машиналарида 24 минг тонна, теримчилар иштирокида 15,7 минг тонна "оқ олтин" йиғиштириб олинган.

Ушбу агро кластерда жами 4 221 та иш ўрни яратилган бўлиб, шулардан 250 таси қайта ишлаш корхонаси ишчилари, 102 таси агроном олим ва механизаторлар, 68 таси иш юритувчилар, 701 таси қишлоқ хўжалиги ходимлари, 3100 таси мавсумий ишчилар ҳиссасига тўғри келади.

Ҳозирда 3 минг гектар ерга суғориш технологияларини ишга тушириш учун 22 минг метр электр тармоқларини тортиш ишлари олиб борилмоқда.

Мато тўқиш фабрикасини ишга тушириш натижасида 16 млн долларлик экспорт амалга оширилиши кўзда тутилган. Вилоят раҳбари тақдимот билан танишиш асносида ўз эътирозларини ҳам баён этди.

"Экранда 11 минг гектар ер ҳақида умумий маълумот бор. Хўш, мазкур майдон учун зарур бўладиган техникалар сони қанчалиги ҳақида туман ҳокимлигидан келган масъуллар бирор гап айтоладими?

Тақдимот графиги мутлақо талабга жавоб бермайди. Мисол учун, шудгор қиладиган тракторларнинг ҳар биттасига қанча гектар майдон тўғри келади? Нега кластер ўз ишини яхши тушунмайди?

Тақдимотни қайтадан тайёрлаш керак. Экиш, ҳайдов, қатор ораларига ишлов бериш, пахта териш, ташиш, шунингдек, 11 та агротехник тадбирлар билан боғлиқ тақдимот тайёрлайсизлар. 2022 йил бўйича аниқ режаларни тузиб олиб, туман Кенгаши сессиясида муҳокама қиламиз. Бошқа фермерларга ўрнак қилиб кўрсатамиз. Йил якунида таҳлил ва талаб ҳам шунга яраша бўлади", деди жумладан Зойир Мирзаев.

Нега кластер ўз ишини яхши тушунмайди? Тақдимотни қайтадан тайёрлаш керак. Экиш, ҳайдов, қатор ораларига ишлов бериш, пахта териш, ташиш, шунингдек, 11 та агротехник тадбирлар билан боғлиқ тақдимот тайёрлайсизлар. 2022 йил бўйича аниқ режаларни тузиб олиб, туман Кенгаши сессиясида муҳокама қиламиз. Бошқа фермерларга ўрнак қилиб кўрсатамиз. Йил якунида таҳлил ва талаб ҳам шунга яраша бўлади", деди жумладан Зойир Мирзаев.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тақдимотда ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш, хусусан, “АБС Оққўрғон агро кластер" МЧЖда фаолият олиб бораётган ишчиларнинг фарзандлари учун боғча ташкил этиш, ҳосилдорликни кўтариш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, экинларни ўз вақтида озиқлантириш юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

"Янги Ўзбекистон" мухбири