Камҳаракат меҳнат фаолиятининг “бонусларидан“ бири — умуртқа поғонаси ва қоматни тутиш билан боғлиқ муаммолар, елкалар, бўйин, бошда оғриқ сезилиши саналади. Мушаклар фаолиятида заифлашув кузатилади, у инсон организмидаги муҳим аъзолар функциясининг бузилишига олиб келади. 

Ўтроқ турмуш тарзи эртами-кеч ортиқча вазн тўпланишига сабаб бўлади. Тўлача инсонлар озғин инсонларга қараганда суткасига 2,5 соат кўпроқ ўтирган ҳолатда бўлишлари аниқланган.

Бир жойда узоқ вақт ўтириб ишлаш бир нечта сурункали касалликлар — қандли диабет, жигар, юрак-қон томир касалликлари, ҳаракат-таянч аппарати, нафас  олиш, овқат ҳазм қилиш тизимлари фаолиятини издан чиқаради. Инсон узоқ вақт давомида ҳаракатсиз қолса, оёқларнинг болдир ва товон мушаклари керагича ишламайди ва натижада томирлар тонусининг заифлашуви ва қон юриши сусайиши бошланади.

Кам ҳаракатлиликнинг олдини олиш учун эрталабки бадантарбия машқларини бажаришни канда қилмаслик, тоза ҳавода сайр қилиш, лифтдан фойдаланмаслик, пиёда юришда нафас олиш гимнастикасини олиб бориш (чуқур нафас чиқариб 4 қадам юриш, нафасни ушлаб туриб 4 қадам юриш, чуқур нафас олиб яна 4 қадам юриш), югуриш, велосипед миниш, сузиш, жисмоний меҳнат билан шуғулланиш, организмни чиниқтириш, рационал овқатланиш, офисда эса ҳар 1-2 соатда танаффус олишлари тавсия этилади.