Бу эҳтиёт чора мақсадида амалга оширилмоқда.

Қайтариб олинаётган маҳсулотлар тез эрувчан сутли ва нордон сутли қуруқ аралашмалар, шунингдек аминокислоталар асосидаги махсус даволовчи қуруқ аралашмаларнинг айрим партияларини қамраб олади.

Хусусан, қуйидаги маҳсулотлар қайтариб олинмоқда:

  • NAN 1 OPTIPRO – айрим партиялар;
  • NAN 2 OPTIPRO – айрим партиялар;
  • NAN Kislomolochniy (0–12 oy) – 1 партия;
  • NAN Supreme (0–12 oy) – 1 партия;
  • ALFARÉ Amino – айрим партиялар.

Қайд этилишича, Nestle компанияси ташқи етказиб берувчидан олинган хом ашёда (арахидон кислотаси) сереулид токсини бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ эҳтимолий хавфни аниқлаган. Шу сабабли компания глобал миқёсда айрим партияларни ихтиёрий қайтариб олишга қарор қилган.

Ушбу ингредиент миқдори жуда кам бўлиб, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларида сереулид токсини бўйича норматив талаб мавжуд эмас. Шунга қарамай, компания эҳтимолий хавфларни олдини олиш мақсадида 2026 йил 5 январдан бошлаб мазкур чорани амалга оширмоқда.

Nestle Food бу ҳақда тегишли регулятор органларни хабардор қилган ва истеъмолчиларга зарур маълумотларни тақдим этишга тайёр эканини билдирган.

Кўрсатилган партиялардаги маҳсулотларни харид қилган истеъмолчилар уларни компания белгилаган тартибда қайтаришлари мумкин. Қўшимча маълумот олиш учун истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш хизматига +998 78 120 20 55 телефон рақами орқали мурожаат қилиш тавсия этилди.

Таъкидланишича, қайтариб олиш амалиёти фақат юқорида кўрсатилган чекланган партияларга тааллуқли бўлиб, бошқа партиялар ва Nestle компаниясининг Ўзбекистонда сотилаётган бошқа болалар озуқаси маҳсулотларига тегишли эмас.