“Ливан халқига бир хабарим бор. Исроил сиз билан эмас, “Ҳизбуллоҳ” билан урушмоқда. Жуда узоқ вақт “Ҳизбуллоҳ” сиздан тирик қалқон сифатида фойдаланди. Яшаш хоналарингиз ва гаражларингизга ракеталарни жойлаштирди. Бу ракеталар ва снарядлар тўғридан-тўғри шаҳарларимизга ва фуқароларимизга қаратилган, халқимизни “Ҳизбуллоҳ” ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун биз бу қуролларни йўқ қилишимиз керак”, деди бош вазир.
Бош вазир Исроил Мудофаа кучларининг (ЦАХАЛ) ливанликларни “Ҳизбуллоҳ” қуроллари жойлаштирилган ҳудудларни тарк этишга чақирган эрталабки чақириғини эслатди.
“Бу огоҳлантиришни жиддий қабул қилишингизни сўрайман. “Ҳизбуллоҳ” сизнинг ва яқинларингиз ҳаётини хавф остига қўйишига йўл қўйманг. Ҳизбуллоҳ Ливанни хавф остига қўйишига йўл қўйманг”, деди Нетаняху.
Ливанликларни хавфли ҳудудларни тарк этишга чақириқлар Исроил ҳаво кучларининг Ливан ҳудудига катта зарбалари берган пайтга келиб янграмоқда.
Ливан ва Исроил ўртасидаги можаронинг кескинлашуви Исроил армияси 30 июль куни Байрут шаҳри жанубидаги Харет Хрейк туманида жойлашган турар-жой биносига зарба бериб, уни бутунлай вайрон қилганидан кейин кучайди. Етти киши, жумладан “Ҳизбуллоҳ”нинг юқори мартабали қўмондони Фуад Шукр ҳалок бўлди. Август ойида шиа қаршилик ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Исроилнинг ҳаракатлари “барча қизил чизиқларни кесиб ўтгани” ва бундай ҳужумга жавоб яқин келажакда амалга оширилишини айтган эди. Исроил, ўз навбатида, Исроилга қарши ҳар қандай тажовузкор ҳаракатлар Ливан учун кенг кўламли вайронкор оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Исроил-Ливан чегарасидаги вазият 2023 йил октябрь ойида Ғазо секторида Исроил ҳарбий амалиётлари бошланганидан кейин ёмонлашди. Исроил армияси ва Ливан “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати жангарилари чегарадаги ҳудудларда ҳар куни бир-бирларининг позицияларига ўқ узмоқда. Ливан Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг ўққа тутиши туфайли Ливан жанубида 100 мингга яқин одам уйини тарк этишга мажбур бўлди. Исроил томонининг хабар беришича, Исроил шимолининг 80 мингга яқин аҳолиси худди шундай вазиятга тушиб қолган, деб хабар беради ria.ru.